«Қорақалпоқфилм» киностудиясида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган «Қорақалпоқфильм» киностудиясида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида ушбу ерда бўлди.
Таъкидлаш жоизки, «Қорақалпоқфильм» киностудияси биносида қарийб 6,5 млрд. сўм маблағ ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур техника ва инвентарлар билан таъминланди. Шунингдек, киностудияда овоз ёзиш ва дубляж студиялари ишга туширилди ҳамда музей ташкил этилди.
Яратилган шундай имкониятлар асосида, бугунги кунда киностудия ишларига алоҳида суръат киритилиб, янги картиналар устида ишлар бошланди. Шу қаторда ўтган йили буюк мумтоз шоиримизга бағишланган «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильми суратга олинган бўлса, бугунги кунда «Қорабой» комедия фильми, «Муаллим» фильми, «Мен қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман» ҳужжатли фильми, «Гулойим ва қирқ қиз» тарихий фильмлари суратга олинмоқда. Миллий кинофондимиз йил саин янги фильмлар билан бойиб бормоқда.
Жўқорғи Кенгес Раиси барча яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Киностудия жамоаси билан суҳбатлашди. Келгусида халқимиз қалбидан жой оладиган кўплаб фильмлар яратилиши кераклигини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият варзирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Ш.Ризаев иштирок этди.




