Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси тўғрисида ахборот
.jpg)
Жорий йилнинг 29 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Сессия "Қорақалпоғистон" телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда ёритиб борилди.
Сессияда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига кенг турда тўхталди.
Таъкидланганидек, якунланаётган 2025 йилда барча соҳаларда янгиланиш ва ўзгаришлар содир бўлиб, шаҳар ва туманларимизда, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Албатта, бунда ҳурматли Президентимиз томонидан фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 25 дан ортиқ фармон ва қарорлари муҳим ўрин тутади.
Сессияда шундай яратиб берилган имкониятлар асосида янгидан ишга тушган корхоналар, амалга оширилган лойиҳалар ҳақида кенг турда сўз юритилди.
Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси шундай кенг имкониятларнинг яратиб берилиши орқали келгуси 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор мақсадларга эришиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинганлигини таъкидлади.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала, Қорақалпоғистон Республикасининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари М.Бекчанов сўзга чиқди.
Ҳурматли Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ва ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида 2025 йил якуни билан, Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105,9 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджети даромадлари 100,1 фоизга бажарилиши кутилмоқда.
Сессияда макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
2026 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръатини ўтган даврга нисбатан 6,2 фоизга, 2030 йилга бориб 6,0 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси етакчи инспектори Э.Сапаров сўзга чиқди.
Кун тартибидаги масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибидаги кейинги масала "Рақобат тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Б.Сейтназаров сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов сўзга чиқди.
Мазкур масала юзасидан депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибида "Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тўғрисидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А.Атажанов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессияда "Камбағалликдан фаровонликка қараб" дастури асосида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига юборилган Парламент сўрови натижаси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Мазкур масала юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Қ.Азербаев маъруза қилди ва батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги умумий фойдаланишдаги автомобиль ва ички йўлларни ҳамда кўприкларни таъмирлаш йўналишида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг бориши бўйича Автомобиль йўллари бош бошқармасига парламент сўрови юбориш тўғрисида масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Сдиков сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала доирасида тижорат банкларида дастурлар доирасида кредит маблағлари ажратилишида ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, шунингдек ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар бўйича Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Б.Сейтназаров сўзга чиқди ва масала кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 385 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.
Сессия кун тартибида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцион назорат қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Парахат Айтниязов Қорақалпоғистон Республикаси Конституцион назорат қўмитаси раиси лавозимига қайта сайланди.
Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш ҳақида бўлиб, бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди.
Бундан сўнг депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўққизинчи сессияси ўз ишини якунлади.

.jpg)
.jpg)

.jpg)
.jpg)

.jpg)
.jpg)