ХАЛҚИМИЗГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ
Қадрли ватандошлар!
Азиз дўстлар!
Сизларни кўп миллатли халқимиз қалбига алоҳида қувонч, илҳом, умид ва ишонч бағишлаб, барчани янада улкан бунёдкорлик ишларига руҳлантираётган қутлуғ айём - Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Халқимизнинг фидокорона меҳнатлари ва Ҳурматли Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан 2025 йил Қорақалпоғистон учун муваффақиятларга бой, унутилмас тарихий воқеаларга бой ва баракали йил бўлди, деб ишонч билан айта оламиз.
Айниқса, кўп миллатли халқимиз катта хурсандчилик билан кутиб олган тарихий воқеа - миллий меросларимизнинг сара намуналари бўлган "Қўбиз ясаш ва ижрочилик санъати" ҳамда Қора уйимиз ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш рўйхатига киритилгани халқимизда ғурур-ифтихор туйғуларини уйғотди.
Шунингдек, ортда қолаётган йилда халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган янги лойиҳаларнинг амалга оширилгани юртимизга чинакам янгиланиш нафасини олиб келиб, халқимизни ҳаётдан рози қилишга мустаҳкам асос бўлмоқда.
Хусусан, "АCWА Power" компанияси томонидан Қўнғирот, Қораўзак ва Беруний туманларида қуввати 7,2 минг мега-ваттлик баҳоси 8 млрд. 600 млн. доллар бўлган гигант шамол электр станцияларининг қурилиш ишлари бошлангани, шундан Қораўзак туманида 16 шамол турбина генератори қурилиб, ишга туширилгани - халқимизнинг ва иқтисодий тармоқларнинг энергия ресурсларига бўлган талабини яхшилашда муҳим ўрин тутадиган, илгари бўлмаган тарихий воқеалар қаторига киради.
Шу билан бирга, барча давлат дастурлари доирасида жами 900 дан ортиқ объектда қарийб 4 трлн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Нукус шаҳридаги сув тозалаш иншоотида олиб борилган 86,6 млрд. сўмлик реконструкция ишлари натижасида қуввати суткасига 60 минг куб метрдан 95 минг куб метрга етказилган бўлса, Нукус туманида 263 км ичимлик сув тармоқлари ва иншоотларида 11,4 млн. долларлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 68,4 фоиздан 90 фоизга етказилди.
Бундан ташқари, Бўзатов туманида йилига 6 минг нафар фуқаро дам олиш ва соғломлаштириш имкониятига эга бўлган замонавий санаторий фойдаланишга топширилганини, Нукус шаҳрида Гимнастика маркази ва Кураш маҳорати мактаби янгидан барпо этилганини, барча шароитларга эга Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг янги ўқув биноси ҳамда бир вақтнинг ўзида 1200 нафар абитуриент тест синовларини топшириш имкониятига эга давлат "Тест маркази" қуриб битказилганини халқимиз алоҳида қувонч ва ғурур билан тилга олмоқда.
Юқоридагилар билан бир қаторда, тадбиркорларга яратилган кенг имкониятлар натижасида 2025 йили инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 8 трлн. 300 млрд. сўмлик 591 корхона ишга туширилиб,
12 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан, Нукус шаҳрида иситиш радиаторлари, ип-калава ва базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш, Кегейли туманида ЛДСП маҳсулотларини, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида туз ишлаб чиқариш ва тузни қайта ишлаш, Хўжайли туманида чарм пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва балиқчиликни ривожлантириш, Тахтакўпир туманида кўп тармоқли чорвачилик, сут, жун ва ун маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарининг ишга туширилиши иқтисодиётимизни мустаҳкамлашда ва халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашда алоҳида ўрин тутадиган эзгу ишлардан ҳисобланади.
Қолаверса, туризмни ривожлантириш йўналишида Нукус шаҳрида халқаро бренд остида "Рамада" меҳмонхонаси иш бошлаган бўлса, Тахтакўпир туманида кўп миллатли халқимизнинг миллийлигини ўзида мужассам этган "Тах-тепа" этно-овули фойдаланишга топширилди, шунингдек, "Нукус - Ақтау" авиа қатнови ва "Нукус - Урганч" поезд қатнови йўлга қўйилди, бундан ташқари, бугунги кунда Нукус шаҳрида нархи
78 млн. долларлик замонавий 5 юлдузли меҳмонхона, Конгресс-холл мажмуаси ва 22 қаватли 2 та турар жой қурилмоқда.
Албатта, бундай эзгу ишларни амалга оширишда ўтган қисқа давр мобайнида биргина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 25 дан ортиқ тарихий Фармон ва қарорларнинг тутган ўрни алоҳида бўлмоқда.
Ҳурматли ватандошлар!
Ҳурматли Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида халқимиз тақдири ва юртимиз келажаги билан боғлиқ ўта муҳим масалаларга эътибор қаратиб, кечиктириб бўлмайдиган аниқ вазифаларни белгилаб берди ва бу вазифалар "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили" деб эълон қилинган 2026 йилда барчамизни улуғвор ишларга етаклашига ишонамиз.
Шундай экан, янги йилда ҳам халқимизнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатиш, ёшларни, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш каби қатор масалалар устувор вазифаларимиздан бўлиб қолади.
Сизларни яна бир бор Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, битмас-туганмас куч-ғайрат ва катта ютуқлар тилайман.
Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик, файз-у барака олиб келсин!
А.ОРЫНБАЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгесининг Раиси