Модулли интеллектуал ҳисоблаш маркази лойиҳаси доирасида Хитойлик инвесторлар билан учрашув ўтказилди
.jpg)
Аввал хабар берилганидек, Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларлик “Модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини қуриш бўйича Ҳаракатлар режаси” имзоланган бўлиб, мазкур лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши белгиланган. Ушбу ҳужжатда назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида лойиҳа доирасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Фарход Эрманов Хитой Халқ Республикасининг сунъий интеллект, катта маълумотлар ва суперкомпютер тизимлари ечимларига ихтисослашган “Shanghai LinkWise Data Intelligence Co., Ltd. компанияси раиси Vang Suyxu бошчилигидаги делегация билан учрашди.
.jpg)
Учрашув давомида модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини барпо этиш лойиҳасининг техник-иқтисодий жиҳатлари, замонавий юқори унумли ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳамда инвестиция ҳажми юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, учрашув якунида лойиҳа доирасида белгиланган ҳудудларга чиқилиб, қурилиш учун режалаштирилган майдонларнинг ҳолати ўрганилди. Уларнинг инфратузилма таъминоти, логистика имкониятлари ва техник талаблар мавжудлиги кўздан кечирилди.
.jpg)
Лойиҳанинг амалга оширилиши доирасида марказни қуриш, ишга тушириш ва эксплуатация босқичларида қўшимча иш ўринлари яратилади. Шу билан бирга, юқори малакали IT-мутахассислар, муҳандислар ва тадқиқотчиларни тайёрлаш ҳамда жалб қилиш, минтақавий таълим инфратузилмасини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилади.
Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва умуман Ўзбекистон Республикаси учун Марказий Осиёда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, технологик мустақилликни ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.

.jpg)
