Саудия Арабистони компанияси билан Нукус шаҳрининг иссиқлик таъминотини ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилди
Саудия Арабистони компанияси билан Нукус шаҳрининг иссиқлик таъминотини ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилди
Ҳурматли Президентимизнинг топшириқлари асосида амалга оширилаётган устувор инфратузилма лойиҳалари доирасида бугун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов ва Саудия Арабистонининг йирик “Saudi tabreed” компанияси бош директори Сулиман Ал-Хливи иштирокида видеоалоқа орқали учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар Нукус шаҳрининг мавжуд иссиқлик таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий ва экологик тоза технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, лойиҳа доирасида инвестицияларни жалб этиш, илғор халқаро тажрибани қўллаш ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Компания бош директори Сулиман Ал-Хливи ўз навбатида марказлашган иссиқлик таъминоти соҳасида амалга оширилган муваффақиятли лойиҳалар тажрибаси билан ўртоқлашиб, Нукус шаҳрида ушбу йўналишда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида томонлар келгусида техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, мутахассислар даражасида музокараларни давом эттириш бўйича келишувга эришдилар.


