“Ҳудудий электр тармоқлари”га хизмат автотранспортлари топширилди
Мамлакатимизда аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, электр таъминоти корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, соҳада фаолият юритаётган ходимларни замонавий техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш ишлари изчил давом этмоқда.
Шу муносабат билан Нукус шаҳрида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали учун харид қилинган хизмат автотранспорт воситаларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Нуразизов иштирок этди.
Тадбир давомида ҳудудий филиал тасарруфидаги шаҳар ва туман электр таъминоти бўлимлари учун юк-йўловчи ташишга мўлжалланган 30 та замонавий «Changan» электромобиллар топширилди.
Мазкур транспорт воситалари электр тармоқларида профилактик назорат ишларини олиб бориш, авария ҳолатларига тезкор етиб бориш ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.



