Прокуратура органлари ходимлари куни кенг нишонланди
Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида "Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси органлари ходимлари куни" муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, касб байрами муносабати билан соҳа фидойилари ва фахрийларини табриклади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида халқимизнинг тинчлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлашда алоҳида ўринга эга прокуратура органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Албатта, бундай чора-тадбирлар натижасида энг асосий бойлигимиз ҳисобланган тинчлик ва миллатлараро тотувликни асраш, фуқароларнинг эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишларда соҳа вакиллари фидокорона меҳнат қилмоқда. Бугунги ўтказилган тадбирда ана шундай юқори фазилатли ишлар кенг турда айтиб ўтилди.

Шунингдек, бир гуруҳ соҳа вакиллари ва фахрийлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари ва "Фахрий ёрлиқ" билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан бир гуруҳ ходимлар махсус унвонлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир давомида "Прокурорнинг бир куни" саҳна асари йиғилганлар назарига ҳавола этилди.





