Нукус шаҳрининг канализация тармоқларини янгилаш орқали аҳолини қийнаб келган муаммо ўз ечимини топади
Бугун Нукус шаҳрининг канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига старт берилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган воқеалардан бири бўлган янги лойиҳанинг бошланиши муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида аҳоли кайфиятига бевосита таъсир этувчи инфратузилма объектларини барпо этиш борасидаги чора-тадбирлар янги босқичларга кўтарилмоқда.
Ана шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 486-сонли қарори асосида «Жаҳон банки»нинг 78 млн. доллар маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида 286 км канализация тармоқлари ва объектларида қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Айтиб ўтиш жоизки, бундан қарийб 50-60 йил олдин қурилган канализация тармоқлари эскириб, бугунги кун талабига жавоб бермаётгани кўпчиликнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб келган.
Бугун Нукус шаҳрининг канализациясини янгилаш мақсадида бошланаётган лойиҳа доирасида 193,5 км канализация тармоқлари ва 25 насос станциясининг қурилиш ишлари бошланмоқда. Ушбу лойиҳа якунига етказилиши билан шаҳримиз аҳолисининг канализация таъминоти 27,6 фоиздан 46 фоизга етказилади.

Шунингдек, канализация тармоқларидан йиғилган сувларни қайта ишлаш орқали техник ва хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун яроқли сувга айлантирилади ва аҳолининг томорқа ерларига етказиб бериш йўлга қўйилади.
Яқин кунлар ичида Хўжайли ва Тахиатош туманларида ҳам ушбу қарор доирасида канализация тармоқларини янгилаш ишлари бошланади.
.jpg)

.jpg)

