Қорақалпоғистон тиббиёт институтига Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг JICA грант дастури доирасида замонавий жарроҳлик ускуналари олиб келинди
Лойиҳа доирасида институтга умумий қиймати 2,1 миллион АҚШ доллари бўлган замонавий тиббиётнинг муҳим йўналишлари бўйича операция ва диагностика ўтказиш учун юқори технологик тиббий ускуналар келтирилди.
Ускуналар мураккаб тиббий аралашувларни юқори аниқликда ва минимал шикастланиш билан амалга ошириш имконини берувчи нейроэндоскопия, лапароскопия (шу жумладан, болалар жарроҳлиги учун), эндоурология ва эндоскопик ЛОР-жарроҳлик тизимларини ўз ичига олади.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш тизимининг имкониятларини кучайтиришга ёрдам беради. Минимал инвазив технологиялардан фойдаланиш асоратлар хавфини камайтириш, қон йўқотишни камайтириш ва беморларнинг тикланиш муддатини қисқартириш имконини беради.
Айниқса, оғир ва шошилинч патологияларга чалинган болалар ва беморларни замонавий даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Лойиҳа халқаро даволаш стандартларини жорий этиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, беморларни ҳудуддан ташқарига юбориш заруратини камайтириш, жойларда сифатли ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилади.



