Тахиатош тумани канализация тармоқларини янгилаш ишларига старт берилди
Бугун Тахиатош туманининг канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига старт берилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган воқеалардан бири бўлган янги лойиҳанинг бошланиши муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Тахиатош туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу қаторда, бундан қарийб 70 йил олдин қурилган 90 барак уй бузилиб, унда яшовчи фуқаролар янги турар-жойларга кўчирилди. Бундан ташқари, жорий йилда барча давлат дастурлари асосида 52 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида умумий қиймати 316 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланган.


Мана шундай эзгу чора-тадбирларнинг давоми сифатида ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 486-сонли қарори асосида "Жаҳон банкининг" 78 млн. доллар маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида 286 км канализация тармоқлари ва объектларида қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Бугун Тахиатош тумани канализация тизимини янгилаш мақсадида бошланаётган лойиҳа доирасида 77,5 км канализация тармоқлари ва 6 дона насос станциясининг қурилиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг тўлиқ якунланиши натижасида туман аҳолисининг канализация таъминоти ҳозирги 13 фоиздан - 42 фоизга етказилади.
Шунингдек, канализация тармоқларидан йиғилган сувлар қайта ишлаш орқали техник ва хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун яроқли сувга айлантирилади ва фуқароларнинг томорқа ерларига етказиб бериш йўлга қўйилади.



