Ҳурматли ватандошлар!

Сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни ва бутун халқимизни муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан самимий табриклаб, барча эзгу тилакларимизни билдирамиз.
Қалбларимиз қувончга ва эзгу тилакларга тўлган ушбу бахтиёр дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, Рамазон ойини тинчлик-осойишталикда, оиламиз, эл-юртимиз билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Халқимиз асрлар давомида буюк диний қадрият, саховат ва ҳиммат тимсоли сифатида эъзозлаб келаётган бу улуғ айём кейинги пайтларда ижтимоий ҳаётимизда янада мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани, албатта, барчамизни қувонтиради.
Биз инсон қадрини унинг диний соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатлари билан ўзаро боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шу боис, сўнгги йилларда юртимизда диний қадриятларимизни тиклаш, бебаҳо илмий-маърифий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, ҳар бир инсоннинг, аввало, ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишга қаратилган инсонпарварлик руҳидаги ишларимизнинг аҳамиятини халқимиз, албатта, яхши тушунади ва уларни амалга оширишда фаол иштирок этади, деб қатъий ишонамиз.
Азиз юртдошлар!
Сизларни, бутун халқимизни юртимизда кенг нишонланаётган муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаймиз.
Она Ватанимиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлсин!
Аманбай Оринбаев
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси