Хўжайли тумани канализация тармоқларини янгилаш ишларига старт берилди
Бугун Хўжайли туманининг канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига старт берилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган воқеалардан бири бўлган янги лойиҳанинг бошланиши муносабати билан табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Хўжайли туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, бир қатор ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилди ва кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари иш бошлади. Ўтган йиллар давомида тумандаги термитдан зарар кўрган 147 уйда яшаётган фуқароларни бошқа жойларга кўчириш учун 33 млрд. сўм маблағ ажратилиб, фуқаролар янги уйларга кўчирилди.
Бундан ташқари, Марказий Осиёда биринчи марта Хўжайли туманида зотдор қорамоллардан эмбрион ишлаб чиқариш лабораторияси ишга туширилди. Ички ва давлат аҳамиятидаги йўлларни таъмирлаш учун 50 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
.jpg)
Мана шундай эзгу чора-тадбирларнинг давоми сифатида ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан "Жаҳон банкининг" 78 млн. доллар маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида 286 км канализация тармоқлари ва объектларида қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Бугун Хўжайли тумани канализация тизимини янгилаш мақсадида бошланаётган лойиҳа доирасида 8 млн. 370 минг доллар маблағ асосида 94 км канализация тармоқлари ва 5 дона насос станцияси қурилиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг тўлиқ якунланиши натижасида туман аҳолисининг канализация таъминоти ҳозирги 4,5 фоиздан - 29 фоизга етказилади.
