Қораўзак туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев Қораўзак туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб "Бердақ" маҳалласидаги «Қараозекли Батирбай» фермер хўжалигида ёмғирлатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш ишлари кўздан кечирилди. Шунингдек, "Қораўзак" маҳалласидаги "Қалим Бекболат" фермер хўжалигининг ҳамда "Маданият" ОФЙда яшовчи Генжемурат Турдимуратовнинг иссиқхонаси ҳам кўздан кечирилди. Ердан самарали фойдаланиш ва экин унумдорлигини ошириш имкониятлари, қўшимча даромад ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари алоҳида эътиборга олинди.
Бундан сўнг, «Ата макан» маҳалласидаги Ўрмон хўжалигида грант маблағлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, Ободонлаштириш бошқармаси томонидан пуллик хизматлар кўрсатишни ташкил этиш бўйича ишлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси 2026 йилда туманда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимотлари, "SIFAT INVEST KOMPANIYASI" МЧЖ корхонаси томонидан қамиш ва пахта поясидан ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди. Янги лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, "Қораўзак" ППЖ маҳалласидаги 2-сонли техникумда грант маблағлари асосида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди. Ташқи беғараз кўмаклар ва грант маблағларини жалб қилиш орқали бундай лойиҳаларни кўпайтириш кераклиги таъкидланди.
БПО маркази фаолияти ҳам кўриб чиқилиб, марказ имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан кўрсатмалар берилди.






