Юртимизга янгиланиш, қалбларга меҳр-мурувват ва қадр-қиммат бағишлаган байрам тантанаси бўлиб ўтди

Наврўз байрами ҳурматли Президентимиз томонидан қабул қилинган Қарор асосида бутун юртимиз бўйлаб « Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!» шиори остида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 21 март куни Нукус шаҳрида умумхалқ Наврўз сайлига бағишланган театрлаштирилган ва адабий мусиқали хореографик байрам томошалари «Дўстлик» канали бўйидаги Ўзбекистон миллий, маданий бойлиги кўчасида бўлиб ўтди.
Байрам кечасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев, ҳукумат аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, бутун халқимизни янгиланиш ва ёшариш айёми - Наврўз байрами муносабати билан табриклади.
Айтиш жоизки, қутлуғ айём ўтказилаётган майдонда бахши-жировлар, созанда ва санъаткорлар ўз санъатлари билан халқимизга байрам кайфиятини улашди.
«Дўстлик» канали бўйида санъат усталари, маданият соҳаси вакиллари, халқ севган ижрочилар йиғилганларга Наврўзга хос кўтаринки руҳ бағишлади.
Қардош халқларнинг миллий урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган тарзда саҳналаштирилган чиқишлар, миллий рақс ва қўшиқлар ижроси, халқимизнинг миллий ўйинлари, бахши ва жировларнинг ажойиб чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди.







