Олис "Қорақалпоғистон" посёлкаси аҳолисидан хабар олинди

Юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида "Инсон қадри учун" деган эзгу ғоя асосида халқимизнинг бугунги турмушидан розилигини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада юртимизнинг барча жойлари қатори олис ва чекка ҳудудлар аҳолисининг ҳам муаммоларига ечим топиш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Шундай амалий ишлар қаторида бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Қўнғирот туманидаги "Қорақалпоғистон" посёлка фуқаролар йиғинига борди.
Дастлаб, янгидан ташкил этилган туғруқ бўлимининг очилиш маросими ўтказилиб, Жўқорғи Кенгес Раиси янги туғруқ бўлимининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.
Таъкидлаш жоизки, ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан ва Президент Администрацияси раҳбарининг қўллаб-қувватлаши асосида олис "Қорақалпоғистон" посёлкаси аҳолиси учун олти ярим миллиард сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан туғруқ бўлими қурилди ҳамда зарур ускуналар билан таъминланиб, барча қулай шароитлар яратилди.
Бундан сўнг, Жўқорғи Кенгес Раиси кўча бошилари, нуронийлар билан учрашиб, яқиндан суҳбатлашди.
Унда ҳудуд аҳолисининг муаммолари тингланиб, ечимини топиш чоралари кўрилди. Ҳар бир билдирилган мурожаатларга ижобий ечим топиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Бундан сўнг, посёлка аҳолиси билан бирга янгиланиш ва яшариш айёми - Наврўз байрами кенг турда нишонланди.








