Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, вазирликларнинг, идора ва корхоналарнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов очиб берди ва бошқариб борди.
Сессия кун тартибига мувофиқ ташкилий масала, яъний "Қорақалпоғистон Республикаси прокурори тўғрисида"ги масала кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси, 10-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори келишуви билан Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори лавозимига шу кунгача Тахиатош тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Алламбергенов Фархат Ембергеновичнинг номзоди таклиф қилинди ва унинг таржимаи ҳоли билан таништирилди.
Таклиф қилинган номзодни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Н.Йўлдошев, бир қатор депутатлар ва сессия иштирокчилари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.
Сессияда Алламбергенов Фархат Ембергенович Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори лавозимига тасдиқланди.
Ф.Е.Алламбергенов меҳнат фаолиятини 1994 йили Нукус шаҳар судининг суд ижрочиси бўлиб ишлашдан бошлаган. Шундан сўнг Прокуратура органларида турли лавозимларда фаолият юритган. Элликқалъа, Тўрткўл, Амударё туманлари ва Тахиатош шаҳри, шунингдек, Орол табиатни муҳофаза қилиш прокурори лавозимларида ишлаган.
2017 йил 14 августдан бошлаб Тахиатош тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори лавозимида ишлаб келган Хидир Каримов бошқа лавозимга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати