Мўйноқ туманида “Оқ кема” болалар соғломлаштириш маркази фойдаланишга топширилди
1993
15 июнь куни Мўйноқ туманида “Оқ кема” болалар соғломлаштириш маркази фойдаланишга топширилди.
Марказнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.Рафиқов ва бошқалар Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда Мўйноқ туманига катта эътибор қаратилиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўтган қисқа даврда туман аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб берилди, амфитеатр, футбол стадиони, Ёшлар маркази, болалар мусиқа ва санъат мактаби, сузиш бассейни, спорт заллари, Маданият саройи, кутубхона, консерва заводи, текстиль корхонаси, замонавий турар-жойлар ва бошқа бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди, денгиз тубида саксовул экиш ишлари олиб борилди, яқин кунлар ичида Мўйноқ аэропорти ишга тушиши режалаштирилмоқда. Бунинг барчаси туман ҳаётидаги катта ўзгаришлар билан янгиланишлардан дарак беради.
«Оқ кема» болалар соғломлаштириш маркази ҳам Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқларига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси маблағи ҳисобига, “Шорахан қурилиш монтаж” корхонасининг қурувчилари томонидан қуриб битказилди.
Мавсум давомида 1500 болани соғломлаштиришга мўлжалланган бу марказда ўғил-қизларнинг ёзги дам олишини мазмунли ўтказиши учун барча шароитлар яратилган. 250 ўринли ётоқхона, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, сузиш бассейни, кутубхона, амфитеатр, концерт зали, маънавият ва маърифат хонаси, ёзги театр сахнаси, санъат ва спорт тўгараклари мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, марказ атрофи ободонлаштирилиб, 5 гектар ер майдонига 5000 га яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Марказга коронавирус пандемияси туфайли бугунги кунда республикамизда аҳолининг, айниқса, болаларнинг санитария-эпидемиологик осойишталигини ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий масофани таъминлаш учун бугунги кунда 150 бола қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати