И.Маткаримов Тахиатош тумани ҳокими лавозимига тайинланди
1478
16 июнь куни халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгашининг навбатдан ташқари еттинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди.
Сессия ишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, бугунгидай синовли даврда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди ва туман ҳокими лавозимига шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Маткаримов Илхом Исмаиловичнинг номзодини таклиф қилди.
Таклиф қилинган номзодни туман Кенгашининг бир қатор депутатлари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди.
Сессияда И.Маткаримов Тахиатош тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди ва ўзининг бор билим ва тажрибасини туманни ҳар томонлама ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга сарфлашини таъкидлади.
Маълумот учун, И.Маткаримов ўтган йиллар давомида Беруний тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, Беруний тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари каби масъул лавозимларда фаолият юритган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати