Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан Вазирлар Кенгашининг байрам табриги
1610
Қадрли дўстлар!
Аввало, барча журналистларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини, соҳа фахрийларини касб байрами – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин муборакбод этамиз.
Бугунги жадал ўзгараётган даврда дунё давлатларида ва юртимизда рўй бераётган янгиликларни халқимизга оператив тарзда етказиш, ҳар қандай масала бўйича кенг жамоатчиликнинг фикрини уйғотадиган материаллар тайёрлаш, давлат бошқаруви органлари билан халқ орасида мустаҳкам алоқани ўрнатиш, ёшларимизда она Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш ва уларнинг қалбида миллий ғурур туйғуларини уйғотиш Сиз журналистларга катта масъулият юклашини чуқур англаймиз.
Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар тўғрисида халқимизни ўз вақтида хабардор қилиш, одамлар ҳаётида учраётган масала ва муаммоларни ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш йўлида олиб бораётган ижодий меҳнатларингизни юқори баҳолаймиз.
Бугунги байрам арафасида Муҳтарам Президентимизнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида сўнгги йилларда соҳада юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар ва эришилган натижалар билан бир қаторда жуда муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда давлат ва жамият орасида сифатли мулоқотни йўлга қўйишда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда холислик ва ҳақиқат мезонларига амал қилишимиз зарур.
Чунки соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари, унинг натижалари тўғрисида кенг жамоатчиликка оператив, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, долзарб мавзулар атрофида изланиш, материаллар тайёрлашда ишончли манбаларга суяниш, эфир маданиятини таъминлаш, касб этикасига эътибор қаратиш бугунги кундаги муҳим вазифалардандир.
Юртимиз тараққиётнинг янги босқичларига кўтарилаётган бугунги кунда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ҳамда аҳамиятини халқимизга кенг тарғиб қилиб, одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштириб, тинч ва фаровон турмушимиз, фарзандларимизнинг бахтли келажаги, юртимизнинг янада ривожланиши йўлида фидойилик кўрсатасизлар, деб қатъий ишонамиз.
Ўзингизга маълум, бу йил жаҳон давлатларида кенг тарқалган коронавирус пандемияси дунё халқларини, шулар қаторида ватандошларимизни ҳам катта синовдан ўтказмоқда.
Ушбу синовли кунларда Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг, ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган ҳуқуқий ҳужжатлар билан дастурларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақтида етказишда, одамларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, пандемия таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларининг фаолиятини тиклаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни тарғиб қилишда, халқимизни хушёрликка чақиришда ўрнингиз салмоқли эканини алоҳида таъкидлаймиз.
Давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика миқёсидаги давлат ва нодавлат ташкилотларда ахборот хизматининг ташкил этилгани ушбу масъулиятли вазифани амалга оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Жорий йил «Тахтакөпир таңы» газетасининг ташкил этилганига 75 йил, «Хожели ҳақыйқаты» газетасига 70 йил тўлиши – миллий журналистикамизнинг муносиб ривожланиш босқичларидан ўтганини яна бир карра исботлайди.
Ҳурматли матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир марта қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга омонлик, ижодий ишларингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев