Саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ҳамда экспортни жадаллаштириш вазифалари
1549
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт маҳсулотларини оптималлаштириш ҳамда кооперация алоқаларини кенгайтириш, жорий йилга белгиланган экспорт салоҳияти кўрсаткичларининг ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.Ганиев сўзга чиқиб, шу йилнинг ўтган ойларида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда турларини кенгайтириш, аҳолининг истеъмол товарларига бўлган талабини қаноатлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу боис, ўзимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни кўпайтириш орқали импортни қисқартириш масаласи иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарор асосида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини кенгайтириш, импорт ҳажмини камайтириш борасидаги ишлар бошлаб юборилди. Шунингдек, мазкур масалалар бўйича ёрдамчи лавозими жорий этилганлиги, маҳаллийлаштириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича мунтазам равишда фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилганлиги, импортни қисқатириш бўйича идоралараро мониторинг юргизиш механизмларининг ишлаб чиқилганлиги кенг имкониятларни яратиб бермоқда.
Бугунги кунда 2019-2021 йилларга мўлжалланган маҳаллийлаштириш дастурига киритиш мақсадида умумий баҳоси 541,5 миллиард сўмлик жами 21 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар тўлиқ қувватда ишлаган ҳолатда йилига 488 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Шунингдек, республикамизнинг январь-август ойларидаги ташқи савдо айланмаси жами 487,8 миллион долларни ташкил этиб, 101,8 миллион долларлик ижобий сальдога эришилди.
Президентимиз фармони асосида Нукус шаҳрида 165 гектар ер майдонида “Нукус эркин иқтисодий зонаси” ташкил этилди. Бу ерда ҳозирнинг ўзида хорижий инвесторлардан жами 22 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши билан яқин йилларда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами янада ортади.
Маҳаллийлаштириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ аъзолари шаҳар ва туманларда бўлиб, бу борада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди ҳамда ўзларининг амалий ёрдамларини кўрсатмоқда. Улар томонидан билдирилган таклифлардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импортни оптималлаштириш ҳамда кооперация алоқаларини кенгайтириш, жорий йилга мўлжалланган экспорт прогнозининг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.