ҲАМДАРДЛИК
1269
Қадрли ватандошлар!
Ҳурматли замондошлар!
Минг афсуслар билан айтишга тўғри келмоқдаки, халқимиз катта жудоликка учради!
Узоқ йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган самимий инсон, намунали устоз, моҳир ташкилотчи, давлат, жамоат ҳамда сиёсий арбоб Муса Тажетдинович Ерниязов оламдан кўз юмди.
М.Ерниязов қарийиб 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида бир қатор масъулиятли вазифалар билан лавозимларда меҳнат қилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқимизнинг бахтли ва фаровон турмушини таъминлаш борасида юксак натижаларга эришди. У ўзининг олдига қўйган мақсадларига албатта эришадиган қайсар ҳамда қатъий фикрга эга инсон сифатида қалблардан чуқур жой эгаллади. Юртга қут-барака ва давлат олиб келган раҳбар сифатида халқимиз орасида кенг танилди. Ўзининг тўғрисўзлиги, камгаплиги, инсонларни тушина олиши, ҳар қандай масала ва муаммога ижобий ечим топиши, чуқур билими ҳамда узоқни кўра билиши билан ажралиб турди.
М.Ерниязов 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институтини, 1986 йили Тошкент олий партия мактабини тамомлади.
Меҳнат фаолияти давомида Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хўжалиги вазири, Чимбой тумани ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида ишлади.
2002 йилдан буён 18 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари лавозимларида иш олиб борди.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришда, иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлашда, шаҳар ва туманларимизнинг борган сари гулланишида, халқимиз турмушида учраётган ижтимоий муаммоларни ечишда Муса Тажетдиновичнинг исми ҳурмат билан тилга олинишига ишонамиз.
Чунки Қорақалпоғистонда Муса Тажетдинович чуқур ўрганмаган соҳа, унинг ёрдами ва қўллаб-қувватлашисиз ишга тушган объект, у кириб бормаган ҳудуд йўқ, десак муболаға бўлмайди.
М.Ерниязовнинг узоқ йиллик самарали меҳнатлари юқори баҳоланиб, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвонлар билан ҳамда мамлакатимизнинг олий давлат мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвони билан тақдирланди.
Энг асосийси, М.Ерниязов халқимиз ишончига, ҳурматига эришди.
Азиз дўстлар!
Муса Тажетдинович томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ҳамда эзгу ишларга ҳурмат билан қараб, уни улуғлашни фарзимиз деб биламиз.
Ушбу оғир жудоликдан азоб чекаётган Муса Тажетдиновичнинг турмуш ўртоғига, қариндошларига, яқинларига, халқимизга чуқур қайғу билан таъзия билдирамиз.
Муса Тажетдиновичнинг порлоқ хотираси бизнинг қалбимизда мангу сақланиб қолади ҳамда унинг ёрқин хотираси олдида бош эгиб, ҳурматли оқсоқолимиз бошлаган эзгу ишларни давом эттириш учун бор куч-ғайратимизни, билим ва тажрибамизни аямаймиз.
А.Давлетов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари