Жўқорғи Кенгес Раиси бўзатовлик ўқувчига компьютер жамланмаси ва телефон совға қилди
2483
Жорий йил 4 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов томонидан Бўзатов туманидаги 1-сон умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Гулсанам Уразбаевага замонавий компьютер жамланмаси ҳамда телефон совға қилинди.
Барчамизга маълум, сўнгги йилларда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама билимли, жисмонан соғлом, маънан етук, баркамол авлод бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Шунинг билан бирга ўзларининг чуқур билими, қобилияти, иқтидори билан дўстларига ўрнак бўлиб, ҳар хил танлов ва мусобақаларда муваффақиятларга эришаётган ёшларимиз муносиб тарзда рағбатлантирилиб келинмоқда.
Бўзатовлик Гулсанам Уразбаева ҳам ана шундай иқтидорли ёшларимиздан ҳисобланади. У мактабда аъло баҳоларга ўқиши билан бирга, спортнинг шотокан каратэ-до тури билан мунтазам шуғулланиб, республика ва мамлакат миқиёсида ўтказилаётган мусобақаларда совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда. Бўш вақтларида бадиий китоблар ўқишга қизиқади. Ўзи ҳам шеърлар, ҳикоялар ёзиб, қатор танловларда муносиб иштирок этиб келаётган ёш истеъдод эгаси.
Республикамиз раҳбарининг совғаларини Г.Уразбаевага Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Д.Қурбаниязов топширди.
Кўрсатилган бундай эътибордан қувончга тўлган Гулсанам республикамиз раҳбарига чексиз миннатдорчилигини изҳор қилиб, ўзига билдирилган улкан ишончни оқлашга, келажакда бор билим, куч-ғайратини, истеъдодини она Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига сарфлашга ва бу йўлда тинмай меҳнат қилишга вада берди.