Тил – миллатнинг бебаҳо хазинаси
5002
1 декабрь – Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 1 декабрь – Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 31 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклаб, сўнгги йилларда юртимизда она тилимизни асраб-авайлашга, уни янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, амалий чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тил - бу халқ тарихини, маданий меросини, турмуш тарзини, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинадир.
Бугунги кунда қорақалпоқ тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги обрўси ва нуфузини янада ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросининг давомчиси руҳида тарбиялаш, юртимизда давлат тилини тўлиқ жорий қилишни таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, қорақалпоқ тилидаги янги дарсликлар билан қўлланмаларнинг, адабий китобларнинг, монографияларнинг нашрдан чиқарилаётгани, она тилимизни ривожлантиришга бағишланган илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётгани, Ибрайим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган ижод мактабининг очилгани, Хитой ва Қозоғистон давлатлари билан бир қатор халқаро лойиҳалар асосида ишлар йўлга қўйилгани, Вазирлар Кенгаши Раисининг, шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимларининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимининг жорий қилингани, Қуръон маъноларининг ва бошқа бир қатор диний китобларнинг қорақалпоқ тилидаги таржималарининг нашр этилгани, она тилимизнинг тозалигини сақлашда муҳим ўрин тутадиган лотин имлосидаги “Қорақалпоқ тилининг орфографик луғати”нинг чоп этилиш арафасида тургани она тилимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, яқиндагина Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми томонидан “Қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги обрўси ва нуфузини янада ошириш чоралари тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарор асосида Вазирлар Кенгаши ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил этиш, «Давлат тили тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этиш, давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиш, «Қорақалпоқ тили байрами куни»ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, шунингдек, 2021-2030 йилларда қорақалпоқ тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастурини ишлаб чиқиш сингари бир қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.
Бу эзгу саъй-ҳаракатлар ҳозирги глобаллашув ва ахборот даврида она тилимизни софлигича сақлаш ва уни келажак авлодга безавол етказиш муҳим аҳамият касб этади.
Байрам тадбирида она тилимизни асраб-авайлашга, уни янада бойитишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ педагоглар рағбатлантирилди. Қорақалпоғистон санъат намояндалари ва ёш истеъдод эгалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмат М.Ҳабибуллаев олган суратлар