Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади
1040
Ҳар йили якунланиб бораётган йил охирида ҳаёжон билан давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасини интиқлик билан кўтиб ўтирамиз. Бугун ҳам Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасини ойнаи жаҳон орқали кўриб томоша қилдик.
Ҳақиқатдан ҳам юртбошимиз Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ўтиб бораётган 2020 йил давомида барча соҳаларда амалга оширилган ишлар, келгуси йил учун режа ва дастурлар, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни ривожлантириш омиллари ва ишланиши керак бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Мурожаатда халқимиз ҳаётини яхшилашга, ҳар бир фуқарони қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга, ёшлардан тортиб, кекса нуроний отахонларимиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини, аёллар ва тадбиркорларни шу қатори барча соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Эътиборли томони яқинлашиб келаётган 2021 йил сиёсий партиялар ҳаётида муҳим сиёсий жараён Президентлик сайлови бўлиб ўтади.
Бу борада нафақат сиёсий партиялар, балки ҳар бир давлат ва нодавлат идоралари, бутун аҳолимиз фаол иштирок этишлари, ташаббускор бўлишлари таъкидланди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Юртбошимиз биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларини сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича тизимли ўқитиш кераклиги, ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга тадбиқ этиш ишларини давом эттиришимиз, бу муҳим сиёсий компания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади дея ишонч билдирди.
Президентимиз томонидан айтилган юқоридаги гаплар O’zLiDeP партияси олдига ҳам улкан вазифаларни қўяди. Сайловолди жараёнларга ҳозирданоқ катта тайёргарлик кўриш, партия ходимлари ва депутатларни Президент сайлови бўйича ўқитиш, электорат билан ишлашда янгича тизимга ўтиш, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда юқори суръатларда давом қилиш, шунингдек биз депутатлар олдида сайловчилар билан бевосита учрашувларда Мурожаатномада белгиланган устувор вазифаларни аҳолига кенг тушунтириш ва уларни амалга оширишда биргаликда ҳаракат қилиш орқали назоратини олиб бориш масъулиятини юклайди.
Ушбу шарафли масъулиятни бажаришда эса ҳар биримиз ғайрат билан ишлашга, олдимизга қўйган улкан мақсадларни амалга оширишда албатта фаол ва ташаббускор бўлишимиз керак.
Таъкидлаш зарурки, жорий йилдаги пандемия сабабли барча соҳаларда жиддий инқирозлар юз берди. Мамлакатимизга кириб келган бу офат барча соҳалар сингари инсон соғлиги ва унинг онгига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Аммо айтиш керак, бунинг натийжасида тиббиёт ва кўплаб соҳаларда тажрибалар тўпланди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш зарурлиги исботини топди. Аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни янада юксакка кўтариш шартлиги амалда исботланди.
Айтиш жоиз бўлса кўзимизни очди. Президентимиз таъкидлаганларидек, аҳоли айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш керак.
Чунки жамият ва давлат тараққиётининг пойдеворини ҳар томонлама етук ва баркамол ёш авлод вакиллари қурадилар. Давлатимиз раҳбари айнан Мурожаатномада ёшлар масаласи ва аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида тиббиёт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратганлари бежиз эмас.
Чунки кириб келаётган 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб ном берди.
Бу эса ўз навбатида ёшларимизга бўлган юксак эътибор ва халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Президентимизнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида яна бир соҳа вакиллари тадбиркорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга елкадош бўлиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Айниқса тадбиркорларимизнинг ўз фаолиятини янада ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни тўлиқ ҳимоя қилишга қаратилган яхлит бўлган “Тадбиркорлик кодекси” ни ишлаб чиқиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Бу таклиф O’zLiDeP сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топганлиги билан аҳамиятлидир.
Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада баён қилинган режа ва лойиҳалар, белгиланган вазифалар мамлакатимиз тараққиётини халқимиз фаровонлигини янада юксак босқичга, халқимизни эса юксак марралар сари интилишга етаклайди.
Шарапат Отемисов
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати