ХАЛҚИМИЗГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ
3657
Қадрли ватандошлар!
Азиз дўстлар!
Барчангизни ўзида улуғ мақсад ва энг эзгу ниятларни мужассам этган, халқимизга ўзгача қувонч ва умид бағишлаб, катта яратувчанлик ишларига руҳлантираётган Янги йил байрами билан қизғин табриклайман.
Якунланаётган йил дунё халқлари, шу қатори ватандошларимиз учун ҳам коронавирус инфекциясининг юртимизга кириши ва тарқалиши, унинг оқибатлари билан боғлиқ оғир ва синовли кунларни олиб келгани аччиқ ҳақиқатдир.
Аммо юртимизда Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан бир қатор муҳим фармон ва қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши, аниқ вазифаларнинг белгиланиши, амалий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, қолаверса, халқимизнинг оғизбирчилиги, меҳнатсеварлиги, фидойилиги туфайли юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида бир қатор натижаларга эришилди, десак асло муболаға бўлмайди.
Бунинг амалий кўринишини, аввало, инсонларнинг саломатлигини ҳамда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, пандемия туфайли даромадсиз қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш сингари бир қатор йўналишларда амалга оширилган эзгу ишлар мисолида кўришимиз мумкин.
Айниқса, Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг йўлга қўйилгани, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»нинг жорий этилгани – инсонларнинг оғирини енгил қилиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, бугун халқимиз тинч ва тотув ҳаётда, эртанги кунига катта ишонч ва аниқ мақсадлар билан келажакка қадам ташлаб бормоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Ҳурматли Президентимизнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида республикамизни ижтимоий-иқтисодий томондан янада ривожлантириш, халқимизнинг бахтли ва фаровон турмушини таъминлаш бўйича белгилаб берган вазифалари катта яратувчанлик ишларига кенг йўл очмоқда.
Мана шу асосда қабул қиинган махсус қарор бўйича барча шаҳар ва туманларимизнинг ўзига хос “ўсиш нуқта”ларидан келиб чиққан ҳолда 2020-2022 йиллар давомида умумий қиймати 12 триллион 292,7 миллиард сўмлик 1359 лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлса, 2020-2023 йилларда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузулмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа йўналишдаги 1444 объектда 8 триллион 917 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Қарор талабларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш орқали халқимиз учун 45 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконияти пайдо бўлмоқда.
Албатта, бундай кенг кўламли ишлар кўнгилларда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиш билан бирга, инсонларни юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга ҳисса қўшишга руҳлантиради.
Яна бир муҳим томони, якунланаётган йилнинг 29 декабрь куни Ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида халқимиз тақдири ва юртимиз келажагига оид жуда долзарб масалаларга эътибор қаратилгани, кечиктириб бўлмайдиган вазифаларнинг белгиланиши барчамиз учун катта дастур бўлиб хизмат қилади.
Жумладан, Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатларнинг қатъий давом эттирилиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларнинг янада кучайтирилиши юртимизнинг янги тарихида ўчмас из қолдирадиган йирик воқеалардан ҳисобланади.
Қадрли ватандошлар!
Кириб келаётган янги «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили ўзида янада юксак мақсад ва вазифаларни мужассам этиб, барчани буюк ишларга бошламоқда.
Юртимизда бошланаётган Янги йилда ҳам халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, айниқса, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, ёшларни ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш сингари бир қатор масалалар асосий вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.
Яратувчан халқимиз мана шундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшишига, юртимизнинг тақдири ва унинг келажаги йўлидаги савобли ишларда фаол қатнашишига қатъий ишонамиз.
Сизларни яна бир марта Янги йил байрами билан қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, ишларингизга катта муваффақиятлар тилайман!
Кириб келаётган Янги йилда халқимизнинг насибаси мўл бўлсин, ҳар бир инсонга, ҳар бир оилага бахт, қувонч, шодлик ва давлат олиб келсин!
Янги йилингиз барчангизга муборак бўлсин, азиз ватандошлар!
М.КАМАЛОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси