Иқтидорли ёшлар қўллаб-қувватланмоқда
2910
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 28 декабрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқида ёшларимизни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлашини таъкидлаган эди.
Бугун юртимизда учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда энг муҳим бўғинларидан бири бўлган таълим соҳасида туб ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда, қобилиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида бу борадаги ишлар юксак босқичда давом этмоқда.
Натижада ёшларимиз замонавий, барча қулайликларга эга билим даргоҳларида таълим олиб, ўз қобилияти ва иқтидорини юзага чиқариш, халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаш, дунёнинг ривожланган давлатларининг энг кучли олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Биргина мисол. Нукусда ташкил этилган Президент мактабининг очилганига кўп вақт бўлмаган бўлса ҳам, бу масканда таълим олаётган ёшлар катта натижаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, мактабнинг 18 нафар битирувчиси чет давлатларининг энг нуфузли олий ўқув юртларига кириш бахтига муяссар бўлди.
Албатта, бунда ўғил-қизларнинг замонавий билимларни эгаллаши учун яратилган шароитлар билан бир қаторда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан Президент мактабининг иқтидорли, қобилиятли ўқувчилари моддий тарафдан қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, мактаб ўқувчиларига Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан 8 миллиондан ортиқ, Амударё тумани ҳокимлиги томонидан 7 миллионга яқин, Шуманай тумани ҳокимлиги томонидан 4 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам берилди.
– Ўсиб келаётган ёш авлод катта куч ва салоҳиятга эга, – дейди Президент мактаби директори Н.Балтабаева. – Юртимизда ёшларимизга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, баланд чўққиларни забт этишида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун Президентимиз ва республикамиз раҳбарларига чуқур минатдорчилигимизни изҳор қиламиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг матбуот хизмати