Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси мажлиси ўтказилди
2146
14 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси, Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Д.Қурбаниязов очди ва олиб борди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этувчи ва ҳамкорлик қилувчи сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада орттириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда уларга қулай шароитлар яратиш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “2021-2025 йилларда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини, фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштиришга, давлат ва жамоат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шароитларни яратишга, давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтиришга асос яратмоқда.
Шунингдек, Ҳурматли Президентимиз томонидан шу йилнинг 3 март куни қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг тузулмаси ва уларнинг ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядларини тасдиқлаш, 2021 йили Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ушбу жамоат фондини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириш учун 1,1 миллиард сўм маблағ ажратиш вазифалари белгилаб берилган.
Бу ўз навбатида маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат грант ва ижтимоий буюртмаларга маблағ ажратиш имкониятини яратиб бермоқда.
Ўтган 2020 йилда Парламент комиссияси томонидан эълон қилинган 5 танловда ҳудудимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг 6 лойиҳаси ғолиб деб топилиб, улар учун 233 миллион сўмлик маблағлар ажратилди.
Мажлис кун тартибидаги масалалар, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида ҳамда 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик платаси депутати, Олий Мажлис ҳузуридаги Парламент комиссиясининг раиси А.Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Парламент комиссияси аъзоси З.Ибрагимова кенг тушунтириш берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди директори О.Ҳусанов 2021йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларинининг режа ва дастурларини давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалар асосида қўллаб-қувватлашнинг йўналишлари тўғрисида, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия валири С.Мамбеткадиров Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятининг ҳуқуқий асослари тўғрисида, Молия вазирининг ўринбосари Б.Пирниязов фонднинг 2021 йилги даромадлар ва харажатлар сметаси тўғрисида маълумот берди.
Шунингдек, мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзоларини ишчи гуруҳларга бўлиш тўғрисида, шу билан бирга давлат грантининг биринчи танловининг йўналишларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ҳамда бу бўйича фикр ва таклифлар тингланиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.