Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий давлат идораларининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича ахбороти эшитилди
1038
2021 йил 18 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда Қорақалпоғистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида ҳудудий давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жами 2 264 маротаба учрашув, семинар ва давра суҳбати ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари орқали 1 752 маротаба (194 маротаба телевидениеда, 1 558 маротаба радиода) чиқишлар қилинган.
Шу билан бирга, сенаторлар ва депутатлар томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий давлат идоралари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларга қарамасдан, бу соҳадаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг батамом олдини олишда айрим камчиликлар танқид қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасида коррупцион ва мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2020 йилда 90 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг атиги 5 ойи давомида 97 тани ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ошган.
Қайд этиш жоизки, 2020 йилда (2021 йилнинг 5 ойи давомида) Қорақалпоғистон Республикасидаги 54 (92) нафар турли даражадаги мансабдор шахс, 17 (20) нафар соҳа ходими, 31 (13) нафар фуқаро коррупция билан боғлиқ турли жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Мажлисда идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш бўйича ички назорат ва ички аудитни йўлга қўйишни таъминлаш, давлат органлари ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш каби таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.
Шунингдек, мажлисда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифаларга урғу берилди.
Қўшма мажлисда муҳокама қилинган масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати