Танлов ғолибига сертификат топширилди
2123
18 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан давлат ижтимоий буюртма бўйича эълон қилинган 4-танлови ғолибига сертификат топширилди.
Шу йилнинг 27 июль куни ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси мажлисида мазкур танловга келиб тушган лойиҳаларнинг мазмуни, асосий мақсадлари, амалга ошириш механизмлари ва кутилаётган натижалари комиссия аъзолари томонидан кенг муҳокама қилиниб, “Арал алтын мийрасы” жамоат бирлашмасининг “Қорақалпоғистон Республикасининг овул ҳудудларида ижтимоий муаммоларни ечиш ҳамда кам таъминланган аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уларнинг бандлигини таъминлашдаги ижтимоий ҳамкорликнинг инновацион механизмлари” номли лойиҳаси комиссия аъзолари томонидан берилган овозлар асосида ғолиб деп топилган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси, Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Д.Қурбаниязов танлов ғолибини табриклаб, мазкур лойиҳа келгусида юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати