ИСЛОҲОТЛАРДАН МАҚСАД – ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШДИР
988
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бу галги ташрифи – Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами арафасида бўлди.
Давлатимиз раҳбари ҳамиша Қорақалпоғистонга янги ҳаёт нафаси, бахт-саодат шарафи, фаровонлик бунёдкорлик руҳини олиб келади.
Президентимиз Қорақалпоғистон халқи деб куюнади, шу юртнинг эртаси зўр бўлсин деб суюнади, ота-оналар, ўғил-қизларини меҳр билан ардоқлайди, ҳатто бешикдаги гўдаги учун ҳам қайғуради.
Бу галги ташрифда Президентимиз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари ўттиз тўртинчи сессиясида иштирок қилиб, ўз сўзида “Инсон қадри учун” эзгу тамойили асосидаги туб ислоҳотлар Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ ва овули, ҳар бир хонадонига кириб боришини таъминлаш асосий мақсадлардан бири эканини таъкидлади.
«Мен Президент сифатида 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта мана шу саховатли заминга келиб, бу ердаги оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан кўп-кўп мулоқотлар қилдим.
Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилдик.
Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортди, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Биргина жорий йил февралдаги ташриф доирасида ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратдик», деди Президент.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглар эканман ҳақиқатда ҳам Ўзбекистон учун Қорақалпоғистон халқининг тинч-осойишта ҳаёти, фаровонлиги, бахт-саодати бош мақсад эканлигини яна бир бора англадим. Айниқса шуни эътироф этиш лозимки, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳотлар жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда.
Буни Қорақалпоғистоннинг сўнгги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муваффақиятларда ҳам кўриш мумкин.
Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошишига эришилгани таъкидланди.
2017-2021 йилларда 26 минг 400та турар-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек маърузада Қорақалпоғистон ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун олиб берилаётган бунёдкорлик ишлари, соҳаларга ажратилаётган кўламли молиявий кўмакка қарамай, ҳамон ичимлик суви, ички йўллар, электр таъминоти, ишсизлик, нарх-наво каби жуда кўп масалаларни ҳал қилишда сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Давлат раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига тавсия қилинаётган Орынбаев Аманбай Тлеубаевичнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари олдида ўзининг Дастури билан сўзга чиққанини қўллаб-қувватлади. Номзод ўз сўзида камбағалликни қисқартириш, аграр соҳа, саноат, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш тизимларида йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиб, уларнинг ижроси учун Президент ёрдами зарур эканлигини таъкидлади.
Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш мақсадида фақат Қорақалпоғистон учун фойда солиғи, айланма солиқ, мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 баробар қисқартиришга кўрсатма берди.
– Майли, маблағ бюджетга тушмасин, хонадонларга тушсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, ҳар бир оилага 2 гектардан ер ажратиш, Нукус шаҳрида саноат технопарки ва туманларда тадбиркорлик зоналари ташкил этиш, йўлларни таъмирлаш, электр, газ ва сув таъминотини яхшилаш бўйича вазифалар қўйилди.
Хусусан, биринчи ярим йиллик якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 103,5 фоизга, жумладан, саноат 100,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги 103,3 фоизга, қурилиш 105,6 фоизга, хизмат кўрсатиш 116,2 фоизга ўсиши таъминланганлигини айтиб ўтиш муҳим.
Ҳудудий дастур ижросини таъминлаш орқали жорий йил якунигача юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Жумладан, йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 106,1 фоизга, жумладан саноат 105,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги 103,1 фоизга, инвестициялар ҳажми 102,4 фоизга, қурилиш 108 фоизга, хизмат кўрсатиш 151,0 фоизга ўсиши таъминлаш чоралари кўрилган.
2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида жами 169 та объектларда 771,9 млрд. сўм қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Шундан, жорий йил 1 август ҳолатига объектларда 321,6 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.
Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг ташрифига мувофиқ қўшимча 348 та объектларга 450,0 млрд.сўм маблағ ажратилган.
Шундан, жорий йил 1 август ҳолатига объектларда 183,6 млрд.сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 2022 йил давомида 253,4 млрд.сўмлик 34 та қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сессиясида тилга олинган бу кўрсаткичлар Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга аввалги ташрифларида белгиланган вазифалар ижроси доирасида эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
– Мана, юксак ишонч, катта умидлар билан янги Раис сайладик, –деди Президент. – Энди у адолат, садоқат, масъулият ва тартиб-интизомни ўз фаолиятига мезон қилиб олиши керак. Халқимиз бағрикенг. Ватан ягона! Бирлашсакгина олдимизга қўйган улкан-улкан марраларга, албатта, етамиз.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи ва Қорақалпоғистон истиқболи учун олиб борилаётган катта бунёдкорликлар халқимизни янада оғизбирчилик, ҳамжиҳатликка, тинч-осойишта ҳаётнинг қадрига етиш дўстлик ва бирадорликка руҳлантирмоқда.
Қорақалпоғистонликлар Президентимиз атрофига янада маҳкам жипслашиб, шу Ватан бутунлиги, ягоналигини чуқур англаган ҳолда унинг бахтли келажаги учун садоқат ва фидойилик билан олға интиладилар .
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.