Сайлов Кампаниясига старт берилди
2468
Бугун Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови кампаниясига старт берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14-, 36-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари 2024-йил 27-октябрь, якшанба куни ўтказилади. Шу муносабат билан бугун Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва Халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашлари сайловларини ўтказишни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида 21 нафар аъзо бор бўлиб, уларнинг ҳар бирига тегишли вазифалар тақсимланди. Шунингдек, ўтказиладиган сайлов жараёнларини тезкор турда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш мақсадида комиссия ҳузуридан ҳудудий матбуот маркази ташкил этилиб, унга 4 та оммавий ахборот воситалари вакиллари бириктирилди. Маълумот учун таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига 4 округ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига 65 округ, Халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларида округлар ҳамда 654 сайлов участкаси тузилиши назарда тутилган. Жорий йилги сайлов олдинги сайловлардан бутунлай фарқ қилади. Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни, мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Депутатларнинг етмиш бештаси тўғридан-тўғри мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига маъқул номзодларга овоз бериш йўли билан, қолган етмиш бештаси бўлса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланади. Ўтказилган мажлис кун тартибидаги барча масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.