Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси тўғрисида ахборот

Жорий йилнинг 6 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради. Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди. Сессия "Қорақалпоғистон" телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда ёритиб борилди.
Кун тартибида дастлаб Қорақалпоғистон Республикасида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг боришини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига тўхталди.
Шундан сўнг, кун тартибидаги масала бўйича Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Ш.Ўтемисов маъруза қилди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида кенг тарзда таъкидлаб ўтди. Кун тартибидаги масала депутатлар томонидан тўлиқ кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 2025 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ахбороти тўғрисидаги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов маъруза қилди. Бу масала ҳам депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг "Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикасининг Қонуни ва тегишли ҳукумат қарорлари талабларининг бажарилиши юзасидан Транспорт вазирлигига юборилган Парламент сўрови натижаси тўғрисидаги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Б.Сейтмуратов сўзга чиқди. Кун тартибидаги навбатдаги масала кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессияда 2025 йилда жойлардаги норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг ахбороти тўғрисидаги масала бўйича Адлия вазири Э.Турсунов маъруза қилди. Бу масала ҳам депутатлар томонидан батафсил кўриб чиқилди ва қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала, яъни, жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар бўйича Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига юборилган Парламент сўрови натижаси тўғрисидаги масала бўйича Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи И.Тлеуов маъруза қилди. Масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибида навбатдаги Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасининг 2025 йил давомида амалга оширган ишлари тўғрисидаги Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасининг ҳисоботи ҳақида Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси Л.Сеитова маъруза қилди. Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармасининг 2025 йил давомида амалга оширган ишлари ҳақида Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошлиғи А.Исаков маъруза қилди. Масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 1793 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.
Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш ҳақида бўлиб, бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди. Шундан сўнг депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўнинчи сессияси ўз ишини якунлади.







