СЕНАТ РАИСИ ИШТИРОКИДА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева 11 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ўтказилган йиғилишда иштирок этди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Камалов очди.

Олий Мажлис Сенат Раиси Т.Нарбаева Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши Қорақалпоғистон Республикасининг мавжуд ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Хабибуллаев маълумот берди.

Қарорга мувофиқ, 2020-2023 йилларда 1 минг 359 та инвестиция лойиҳалари (12 трлн. 353 млрд. сўмлик) амалга оширилиши ва 17 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Жорий йил 1 июнь ҳолатига 912 та (67 фоиз) лойиҳа (4 трлн. 940 млрд. сўмлик) ишга туширилиб, 7 минг 249 та янги иш ўринлари яратилди.

Шу жумладан, 2021 йил январь-май ойларида 113 та лойиҳани (247,6 млрд. сўмлик) амалга ошириш орқали 2 597 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган бўлиб, амалда 110 та (97 фоиз) лойиҳа (219,2 млрд. сўмлик) ишга туширилди ва 2 322 та (89 фоиз) янги иш ўринлари ташкил этилди. Шу билан бирга, қиймати 200,5 млрд. сўмлик 89 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 532 та  янги иш ўринлари яратилган.

Йиғилишда қарорнинг ижроси танқидий муҳокама қилиниб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Бу бўйича парламент назоратини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилиш кун тартибидаги яна бир муҳим масала – Қорақалпоғистон Республикасида “маҳаллабай” ишлаш, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш якунлари тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Ахмедова маълумот берди.

Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан Амударё, Беруний, Бўзатов, Кегейли, Тахтакўпир, Шуманай, Элликқалъа туманларидаги секторлар фаолияти, маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар ўрганилган эди.

Ўрганишлар давомида “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Туман ва шаҳар ишчи гуруҳлари томонидан 328 мингдан ортиқ хонадонлар уйма-уй хатловдан ўтказилиб, қарийб 350 минг нафар хотин-қизлар аҳволи ўрганилганлиги аниқланди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 24 минг 519 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, бугунги кунга қадар 23 минг 300 нафар (95 фоиз) хотин-қизлар муаммолари ҳал этилган ҳамда 39,6 фоизи (9 минг 710 нафар) “Аёллар дафтари”дан чиқарилган.

Шу билан бир қаторда, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, тиббиёт ва таълим сифатини яхшилаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар билан бирга йўл қўйилаётган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

М.Ҳабибуллаев олган суратлар