Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн тўртинчи сессияси ҳақида ахборот

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн тўртинчи сессияси ўтказилди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради. Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Сессия «Қорақалпоғистон» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда ёритиб борилди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси Б.Сейтназаров сўзга чиқди.

Кун тартибидаги масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан маъқулланиб, қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси А.Атажанов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Бюджет даромадлари режасининг бажарилиши ва солиқ қарздорликларини камайтиришда амалга оширилган ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасига юборилган парламент сўрови натижаси тўғрисида бўлиб, ушбу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Нарманов баёнат қилди.

Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сеесиядаги навбатдаги масала Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини жамоат транспорти билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг бориши ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири Б.Сейтмуратов баёнат қилди.
Бу масала ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.
Бундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 402-сонли қарори талабларининг бажарилиши бўйича Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турманов сўзга чиқди.

Бу масала ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.
Сессия кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари - иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раисини сайлаш ҳақида бўлди. Ушбу лавозимга Зарипова Гаухар Сарсенбаевна номзоди тавсия этилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди ва Г.Зарипова Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари - иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди.

Сессия кун тартибида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган фуқаролар рўйхатини сессия қарори билан тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонунини қўллаб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилаётган 18 293 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.
Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида бўлиб, бу масала ҳам тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн тўртинчи сессияси ўз ишини якунлади.