Жўқорғи Кенгес Раиси олис Қумбоскан овулида аҳоли билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Тўрткўл туманидаги олис Қумбоскан овулида бўлиб, ижтимоий реестрига киритилган оилалар билан учрашди.
Учрашувда оилаларнинг даромад манбаларини кўпайтириш ва бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Унда ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, давлат томонидан ажратилаётган субсидиялар, улардан фойдаланиш тартиби ва мавжуд имтиёзлар тушунтирилди. Оилаларнинг имкониятлари ва қизиқишларидан келиб чиқиб, чорвачилик, паррандачилик ҳамда уй шароитида кичик бизнесни йўлга қўйиш орқали барқарор даромад топиш имкониятлари кўрсатиб берилди.
Учрашув давомида оилаларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ривожлантириши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ҳам топширилди. Бу эса уларнинг ўз меҳнати орқали даромад топиши, оилавий бюджетини мустаҳкамлаши ва турмуш шароитини яхшилашига хизмат қилади.
Ижтимоий реестрдаги оилаларга бириктирилган раҳбарларга ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Белгиланган вазифаларнинг ижросини назорат қилиш, оилаларни камбағалликдан чиқариш ва уларнинг доимий даромад манбаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Амалга оширилаётган Бу каби ишлар дан асосий мақсад — ҳар бир оиланинг ўз имкониятларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш, одамларни даромадли меҳнатга жалб этиш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат. Албатта, у борада амалга оширилаётган ишлар Қумбоскан овули аҳолиси учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Бундан кейин аниқ чора-тадбирлар ва вазифалар белгилаб олинди.


.jpg)


.jpg)