Тарихий ғалаба! «Арал-W» қизлар жамоамиз Ўзбекистон олий лигасида!

Қорақалпоғистоннинг «Арал-W» қизлар футбол жамоаси Қизлар 1-лигасининг 20-тури доирасида энг яқин рақиби — «Андижон-W» жамоасига қарши майдонга тушди. Ҳал қилувчи баҳсда вакилаларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ушбу ғалаба орқали жамоамиз очколарини 47 тага етказиб, мусобақа жадвалида пешқадамликни мустаҳкамлади. Чемпионат якунига бир тур қолганида энг яқин таъқибчиси «Андижон-W» билан орадаги фарқни 6 очкога етказган «Арал-W» муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритди!
Энг муҳими, жамоамиз ушбу натижа орқали Ўзбекистон Қизлар Олий лигасига йўлланмани қўлга киритди. Шу тариқа, Қорақалпоғистон қизлар футбол жамоаси тарихда илк бор Ўзбекистон Олий лигасида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Бу тарихий муваффақият футболчи қизларимизнинг меҳнати, матонати ва жамоавий ҳамжиҳатлигининг самарасидир. Ушбу ғалаба Қорақалпоғистонда қизлар футболини янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва янги ютуқларга эришиш йўлида муҳим қадам бўлди.
«Арал-W» жамоаси футболчилари, мураббийлар ва барча мухлисларни ушбу тарихий ғалаба билан самимий табриклаймиз!