Ичимлик ва оқова сув тизими ходимларининг салоҳиятини оширишга бағишланган халқаро конференция ўтказилмоқда

Нукус шаҳридаги «Оқ қуш» мажмуасида «Ўзбекистон Республикасида ичимлик ва оқова сув тизими ходимларининг салоҳиятини ошириш» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Тадбир очилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ичимлик ва оқова сув тизимини ривожлантириш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мана шундай эзгу ишлар қаторида Қорақалпоғистон Республикасида Нукус шаҳридаги сув тозалаш иншоотида 87 млрд. сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилиб, кунлик қуввати 1,5 баробарга оширилди. Амударё туманидаги қуввати 40 минг куб метр бўлган “Манғит”, Тўрткўл туманидаги 140 минг куб метр қувватли “Туямўйин” сув тозалаш иншоотлари, шунингдек, Нукус туманидаги Нукус, Маданият, Абадан ва Кердер сув тақсимлаш иншоотлари қурилиши якунланди. Бунинг натижасида ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси Амударё туманида 22,5 фоиздан 54,1 фоизга, Нукус туманида эса 43,4 фоиздан 87,3 фоизга етди.
Конференцияда сув таъминоти ва оқова сув тизими ходимларининг салоҳиятини ошириш, соҳадаги замонавий ёндашувларни ўрганиш ва тўпланган тажрибани ўзаро алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларнинг таклифлари, иш жараёнидаги муаммолари ва касбий ривожланиш режалари муҳокама қилинди.
Унда шунингдек, хорижий тажрибани маҳаллий шароитда қўллаш масалаларига эътибор қаратилди.
.jpg)
.jpg)

.jpg)