Sayt test rejiminde islemekte
Logo
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИ ОЛИЙ ДАВЛАТ ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНИ
  • Бош саҳифа
  • Ҳужжатлар
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Қорақалпоғистон Республикасининг мавжуд табиий хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларини жадал ривожлантириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, тадбиркорлик ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилда аҳолининг доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда бандлигини таъминлаш мақсадли кўрсаткичлари 1 — 1.4-иловаларга мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида 2024 йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг йиғма жадвали ва манзилли рўйхати 2 ва 2.1-иловаларга мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилда аҳолини бизнесга жалб қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилда янги ташкил этиладиган хизмат кўрсатиш объектлари мақсадли кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкалари 5-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга доир 2024 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлар 6-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасида 2024-2025 йилларда махсус саноат (эркин иқтисодий), кичик саноат, ёшлар ва тадбиркорлик саноат зоналарида лойиҳаларни жойлаштириш учун аукцион савдоларига чиқариладиган бўш ер майдонлари рўйхати 7-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасидаги 2024 йилда норуда фойдали қазилма конлари ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукцион савдоларига чиқариш графиги 8-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 2024 йилда ажратиладиган субсидия маблағлари тақсимоти 9-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасини 2024 йилда ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» 10-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикасида:
а) 2024 йилда:
кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини амалга ошириш учун Бизнесни ривожлантириш банки кредит ресурслари ҳисобидан 11-иловага мувофиқ 320 млрд сўм маблағ йўналтирилади;
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сон Фармони 2-банди «а» кичик банди ва «б» кичик бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган тартиб бўйича тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга 50 млрд сўм маблағ йўналтирилади;
ижтимоий солиқ тўлаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга «Бизнесга биринчи қадам» банк пластик карталари орқали 5 млн сўмгача миқдорда бир йил муддатгача микроқарзлар тақдим этиш учун тижорат банклари томонидан 12-иловага мувофиқ 60 млрд сўм маблағ йўналтирилади;
б) 2024 йилдан бошлаб ҳар йили «Келажак касблари» лойиҳаси доирасида 1,5 минг нафар ёшлар, хусусан 900 нафари рақамли технологияларга ва 600 нафари хорижий тилларга ўқитилади. Бунда, рақамли технологияларни ўрганиш учун «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан ёшларга субсидия ажратиш муддати Қорақалпоғистон Республикаси учун бир йилгача узайтирилади;
в) 2024 йилда кичик саноат зоналари, ёшлар, тадбиркорлик ва саноат зоналари инфратузилма объектлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 млрд сўм ажратилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ж.А. Қўчқоров) Марказий банк билан биргаликда мазкур бандда кўрсатилган маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ажратилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудий чегаралари ичида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган корхоналарга «Нукус» эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақомини бериш;
инвестиция мажбуриятларини бажармаган «Нукус» эркин иқтисодий зонаси иштирокчилари билан инвестиция битимларини бекор қилиш, тўхтатиб туриш ва уларни «Нукус» эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақомидан маҳрум этишни фақат суд тартибида амалга ошириш.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тижорат банклари билан биргаликда 2024 йилда:
Қорақалпоғистон Республикасида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун 13-иловага мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари аукцион савдоларига чиқарилишини;
мазкур ер майдонларида «кооператив» ва «агрегатор» тизимига асосланган лойиҳалар амалга оширилишини;
ҳар бир туманда лойиҳаларни амалга ошириш учун майдони 5 гектаргача бўлган яхлит контурлар танлаб олиниши ва уларда экспортбоп юқори даромадли экинлар экилишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикасида, истисно тариқасида, 2024 йилда пахта хом ашёси етиштириш учун имтиёзли кредитларни тупроқнинг бир бонитет балига нисбатан норматив ҳосилдорлигини (центнер/гектар) 1,25 коэффициентга оширган ҳолда ажратиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
6. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2024 йилда тижорат банкларига жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан чорвачилик соҳасига озуқабоп экинларни етиштириш учун олти ой муддатда қайтариш шарти билан 150 млн сўмгача Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган ставкада (шундан 1 фоизи банк маржаси) имтиёзли кредит маблағлари ажратилишини таъминласин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2024-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикасидаги суғориладиган 112 минг гектар ер майдонлари 14-иловага мувофиқ лазерли текисланишини ташкил қилиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги 5 — 10 фоизга оширилишини таъминласин.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ҳар бир гектар лазерли текисланган майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажатларини 100 фоизгача, лекин умумий харажат миқдорининг 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар тақдим этилиши белгилансин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзагролизинг» АЖ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Беруний, Амударё, Чимбой ва Қонликўл туманларида 2024 йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги техникалари билан комплекс хизмат кўрсатувчи техника-сервис марказларини (кейинги ўринларда — техника-сервис марказлари) давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Бунда:
а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан АТБ «Агробанк»га 10 йил муддатга йиллик 7 фоиз ставкада 193 млрд сўм маблағлар депозитга жойлаштирилади;
б) АТБ «Агробанк» депозитга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан:
38,6 млрд сўм маблағларни йиллик 10 фоиз ставкада техника-сервис марказларига техникалар харид қилиш мақсадида аванс тўловларини амалга ошириш учун;
154,4 млрд сўм маблағларни 10 йил муддатга йиллик 10 фоиз ставкада «Ўзагролизинг» АЖга кредит ажратиш учун йўналтиради;
в) «Ўзагролизинг» АЖ томонидан:
160 дона қишлоқ хўжалиги техникаси 15-иловага мувофиқ 10 йил муддатга йиллик 14 фоиз ставкада техника-сервис марказларига лизинг асосида берилади;
икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги техникалари лизинг муддатлари трактор ва комбайнлар учун 10 йилгача, агрегатлар учун 5 йилгача узайтирилади;
г) 160 дона қишлоқ хўжалиги техникаси техника-сервис марказларига расмийлаштирилгандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 ноябрдаги ПҚ-7-сон қарорига мувофиқ ажратиладиган субсидия маблағлари ушбу қишлоқ хўжалиги техникаларининг аванс тўлови учун жалб қилинган кредитлар бўйича қарздорликларни сўндириш учун йўналтиришга рухсат берилади.
9. Ҳисоб палатаси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда мазкур қарорнинг 7-бандига мувофиқ лазерли текислашга ажратиладиган субсидиядан ҳамда 8-бандига асосан харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларидан мақсадли фойдаланилиши устидан доимий назорат олиб борсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган 200 от кучидан юқори ҳайдов тракторлари ва пахта териш машиналари (ТИФ ТН бўйича 8432 — 8437, 8701 кодлари) 2026 йил 1 январга қадар божхона божидан ва утилизация йиғимидан озод қилинади ҳамда тадбиркорлик субъектларига эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги ПФ-156-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2024 й., 06/24/156/0816-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 16 январь)
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг:
Қорақалпоғистон Республикасида балиқчилик хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида «Қорақалпоқбалиқ» уюшмасини ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги балансидаги барча кўлларни «Қорақалпоқбалиқ» уюшмаси балансига ўтказиш;
«Қорақалпоқбалиқ» уюшмаси қошида Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ҳамда табиий сув ҳавзаси ижарасидан ва сунъий кўллардан фойдаланувчиларнинг аъзолик бадалидан тушган маблағларни тўлиқ миқдорда ушбу жамғармага йўналтириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Сув хўжалиги ва мелиорация таълим йўналишига 100 та қабул квотасини ажратсин.
13. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасининг штат жадвалига, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди белгиланган тартибда ўзгартирилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасининг алоҳида вакили қўшимча штат бирлиги киритилсин.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур банд ижроси юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Транспорт вазирлиги «Uzbekistan Airways» АЖ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган барча резидент авиакомпаниялар ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасига туристлар оқимини янада ошириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2024 йил 1 апрелдан бошлаб:
Истанбул-Нукус-Тошкент, Самарқанд-Нукус-Истанбул йўналишлари бўйича авиақатновларни йўлга қўйсин;
янги харид қилинаётган L-410 русумли самолётлардан бир донаси Қорақалпоғистон Республикасида ички рейслар учун дислокация қилинишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан биргаликда мазкур қарор ижросини назорат қилиб бориш тавсия этилсин.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.У. Эрманов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 9 февраль,
ПҚ-66-сон