Sayt test rejiminde islemekte
Logo
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИ ОЛИЙ ДАВЛАТ ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНИ
  • Бош саҳифа
  • Ҳужжатлар
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича ҳар йили ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини (кейинги ўринларда — очиқ мулоқот) юқори савияда ташкил қилиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ таркибда;
ҳудудларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда — ҳудудий ишчи гуруҳлар) 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда тузилсин.
2. Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
очиқ мулоқотни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни тезкор ва сифатли амалга ошириш, бу борада эксперт гуруҳлари, ҳудудий ишчи гуруҳлар, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;
тадбиркорлар мурожаатлари ва таклифларини туну кун қабул қилиш ва умумлаштириш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, тадбиркорларнинг алоҳида масалаларини жойларда тезкорлик билан ҳал қилишни ташкил этиш;
ҳудудларда тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталикларини ташкил этиш, очиқ мулоқотни ўтказиш жойи ва муддати бўйича таклифлар ва иштирокчилар рўйхатини шакллантириш ҳамда Тадбиркорлар кунини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаш.
3. Республика комиссияси (Ж. Қўчқоров, Ж. Ходжаев):
а) ҳар йили 15 июнга қадар:
очиқ мулоқот доирасида тадбиркорлар мурожаатларини туну кун қабул қилиш ва умумлаштириш бўйича масъул вазирлик ва идоралар ходимларидан иборат Республика штаби, шунингдек, ҳудудий ишчи гуруҳлар ва 3-иловага мувофиқ йўналишлар бўйича эксперт гуруҳларини ташкил этсин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда — Жамоатчилик кенгаши), вазирлик ва идоралар раҳбарлари, салоҳиятли инвестор ва тадбиркорлар иштирокида матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари, мулоқот ҳафталикларини ташкил қилиш, инфографика ва видеороликлар тайёрлаш бўйича медиарежани тасдиқласин;
б) ҳар йили 15 июлга қадар очиқ мулоқот ўтказиш жойи, муддати ва амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Савдо-саноат палатаси медиарежага асосан очиқ мулоқот доирасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижаларини оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ ҳар йили 15 июндан бошлаб очиқ мулоқот ўтказилгунга қадар:
а) Республика штаби (Д. Ваҳобов):
махсус электрон платформалар, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Cаll-марказ хизмати, ижтимоий тармоқлар ва сайёр қабуллар орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари туну кун қабул қилинишини ташкил этади;
ҳар куни тадбиркорлар мурожаатларини эксперт гуруҳлари ва ҳудудий ишчи гуруҳларга юборади ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги йиғма маълумотларни Республика комиссиясига тақдим этиб боради;
ҳар ҳафта тадбиркорлар мурожаатлари асосида аниқланган тизимли муаммоларни Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиб, уларнинг ечимлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Республика комиссиясига киритиб боради;
б) эксперт гуруҳлари тадбиркорлар мурожаатлари асосида аниқланган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб, ҳар ҳафта уларнинг ечими бўйича таклифларни Республика штабига киритиб боради;
в) ҳудудий ишчи гуруҳлар:
ҳар куни тадбиркорлардан келиб тушган индивидуал хусусиятга эга масалалар жойида ҳал қилинишини таъминлайди;
ҳар ҳафта бириктирилган ҳудуднинг ҳар бир тумани (шаҳри)га чиққан ҳолда, тадбиркорлар билан сайёр қабуллар ташкил этади, аниқланган тизимли муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифларни Республика штабига киритиб боради.
Республика комиссияси (Ж. Қўчқоров, Ж. Ходжаев) Республика штаби, эксперт гуруҳлари ва ҳудудий ишчи гуруҳлар ишига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлган ходимларга нисбатан тегишли интизомий чоралар кўрилишини таъминласин.
5. Савдо-саноат палатаси (Д. Ваҳобов):
а) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда очиқ мулоқот доирасида мурожаатларни қабул қилиш, умумлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек, очиқ мулоқот натижалари, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини жойлаштириб бориш имконини берувчи «Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот» электрон платформасини (кейинги ўринларда — электрон платформа) ишга туширсин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
ҳар йили 15 июнга қадар Республика штаби, эксперт гуруҳлари ва ҳудудий ишчи гуруҳларни жойлаштириш ва уларни зарур моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш масаласини ҳал қилсин;
ҳар йили 1 августга қадар «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига бизнесдаги муваффақиятлари ва ижтимоий фаоллиги билан намуна бўлаётган тадбиркорлар орасидан номзодлар рўйхатини ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга киритсин.
6. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д. Қосимов) Савдо-саноат палатаси (Д. Ваҳобов) билан биргаликда бир ой муддатда электрон платформага «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталини интеграция қилсин, мунтазам равишда очиқ мулоқот доирасида келиб тушган мурожаатлар ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини назорат қилсин ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича таъсирчан чоралар кўриб борсин.
7. Республика комиссияси (Ж. Қўчқоров, Ж. Ходжаев) ҳар йили очиқ мулоқот ўтказилгандан сўнг уч кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича қарор лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш схемаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2024 йилдаги очиқ мулоқоти Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиши маълумот учун қабул қилинсин.
10. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йил август ойида халқаро бизнес форум ташкил этилиши, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчилари билан ҳамкорликда салоҳиятли инвесторларни жалб этиб, келишувлар амалга оширилишини таъминласин;
жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчилари билан ҳамкорликда «Қорақалпоғистонда бизнес қилинг» дастури доирасида йирик хорижий ишлаб чиқарувчи компаниялар брендларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
11. Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг 2024 йилда очиқ мулоқот ва халқаро бизнес форумни ташкил қилиш билан боғлиқ харажатларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг асослантирилган ҳисоб-китоблари асосида Савдога кўмаклашиш жамғармаси, Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, Ж.А. Ходжаев, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С. Қосимов ва Савдо-саноат палатаси раиси Д.А. Ваҳобов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 май,
ПҚ-200-сон