Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўртинчи сессияси тўғрисида ахборот
Жорий йилнинг 29 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди. Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала "Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Ш.Отемисов сўзга чиқди.
Мазкур Қонун 5 та моддадан иборат бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасининг 2013 йил 5 июлдаги "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги ва Қорақалпоғистон Республикасининг 2019 йил 27 мартдаги "Фуқаролар йиғини раисини сайлаш тўғрисида"ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Кун тартибидаги дастлабки масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан қилинаётган ишлар ҳақида Жўқорғи Кенгесининг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг ахбороти тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича қўмита раиси И.Сдиков сўзга чиқди.
Қайд этилганидек, қўмита томонидан бугунги кунга қадар саноат, қурилиш, транспорт ва энергетика соҳасини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенг ёйиш, "яшил энергия" улушини ошириш борасида аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ҳал этиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Шунингдек, ҳурматли Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар, белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш чоралари кўрилиб, бу ишлар яна давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, тегишли Президиум қарорлари қабул қилинди. Қўмитага аъзо депутатлар томонидан ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган масалалар юзасидан вазирлик, идора ва ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб, муаммоларга ижобий ечим топиш чоралари кўрилди. Шундан сўнг кун тартибидаги масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва илмий фаолиятга жалб этиш бўйича таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Отемуратов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди. Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳақида бўлиб, бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар томонидан қарор қабул қилинди. Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тўртинчи сессияси ўз ишини якунлади.