Чимбой туманини ободонлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кенг турда муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Чимбой туманида республика идора-ташкилотлари, туман фаоллари иштирокида мажлис ўтказди.
Мажлисда дастлаб, ҳурматли Президентимизнинг ПҚ-132-сонли қарори билан Чимбой туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кенг турда сўз этилди.
Бундан сўнг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби белгиланган вазифаларнинг бажарилиши масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида бир қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, муаммоларни ҳал этиш мақсадида ҳурматли Президентимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилган.
Аммо, шунча имконият берилганига қарамасдан, айрим жойларда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, маҳаллалардаги ишларнинг амалда бажарилиши, тақдим этилган ҳисоботларда қўшиб ёзишларга йўл қўйилганлиги, ободонлаштириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Масъуллар огоҳлантирилиб, айримларига интизомий жазо чораси қўллаш бўйича топшириқлар берилди.