Уруш қатнашчилари ва фахрийларнинг ҳолидан хабар олиниб, Президент совғалари топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Қадирбай Нарманов ва Мария Ивановна ҳамда фронт ортида меҳнат қилган Раўшан Самарканова, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Меҳнат Қаҳрамони Қаллибек Камалов хонадонида бўлиб, байрам совғаларини топширди.
Фахрийлар 9 май - Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги билан самимий табрикланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, ғалабага ҳисса қўшган қаҳрамонлар, фронт ортида хизмат қилган фахрийлар, юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилган нуронийларнинг эзгу ишлари доимо ёдга олиниб, уларга ҳурмат кўрсатилиши таъкидланди.
Президентимиз топшириғи асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 10 минг доллар миқдорида бир марталик пул мукофоти, фахрийларга ҳам пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, Президент совғалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Нукус шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Албатта, жангчиларимиз ва улар қаторида фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган меҳнат қаҳрамонларининг жасоратли ишлари, улкан ишонч ва матонати бугунги ва келгуси авлодлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.