Қардли ватандошлар!
Бугунги шонли санани чексиз қувонч билан бирга чуқур қайғу-ҳасрат билан эслаймиз. Ватан озодлиги учун, ҳозирги тинч ва осойишта кунлар учун жанг майдонларида жон берган ота-боболаримизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирамиз.
Сиз азиз ва шонли фахрийларимизнинг беқиёс қаҳрамонликларингиз бутун инсоният тарихига мангу ўчмас, буюк, алоҳида бир саҳифа сифатида ёзилганини чуқур миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Табаррук ёшга етиб, бугун орамизда соғ-саломат, дуогўй бўлиб юрган уруш ва меҳнат фронтининг барча жангчиларига яна бир бор юксак меҳр ва ҳурматимизни инъом этиб, уларнинг барчасига самимий миннатдорлик билдирамиз.
Ҳаётнинг оғир ва аччиқ синовларини мардона енгиб ўтган Сиз, азизларнинг мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, етук инсонлар этиб тарбиялашга қўшаётган муносиб ҳиссангизни халқимиз яхши билади.
Сизларнинг буюк қаҳрамонликларингиз ва фидокорона хизматларингиз учун барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.
Бутун халқимизни бугунги байрам билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, оилангизга ҳамжиҳатлик, эзгу ва машаққатли ишларингизда улкан ютуқлар тилаймиз!
Аманбай Орынбаев
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси