Жўқорғи Кенгес Раисининг тадбиркорлар учун сайёр қабули ўтказилди
Жорий йилнинг 11 май куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаевнинг Нукус шаҳри, Тахиатош, Хўжайли ва Нукус туманларидаги тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ва таклифлари бўйича сайёр қабули бўлиб ўтди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси бугунги кунда ҳурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятларни кенг турда таъкидлаб ўтди. Бундан сўнг тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди.
Қабулда тадбиркорлар томонидан асосан ўз бизнесини ривожлантириш борасида дуч келаётган муаммолар, бюрократик тўсиқлар, молиялаштириш ва кредит ажратиш масалалари, кадастр, қурилиш, ер ажратиш борасида мурожаатлар билдирилди. Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан барча муаммолар тингланди ва билдирилган мурожаатларнинг кўпчилигига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.