Қораўзак туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Қораўзак туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлис ўтказди.
Унда туманни ҳар томонлама ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқа ишларнинг бажарилиши масалалари кўриб чиқилди.
Мажлисда давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар, автомобиль йўллари бўйларини тартибга келтириш ва ободонлаштириш, яшил энергия қурилмаларини ўрнатиш, маҳаллаларни ободонлаштириш, махсус қарорлар бўйича белгиланган вазифалар ижроси ва бошқа масалалар танқидий кўриб чиқилди.
Хусусан, ички йўлларни таъмирлаш, оғир маҳаллаларни ободонлаштириш, қурилиш соҳаси, камбағаллик реестрига киритилган оилалар билан ишлаш, томорқалардан самарали фойдаланиш, ёшлар ва ишсиз фуқаролар учун ажратилган ер майдонларида экиш ишларини ташкил этиш каби қатор масалаларда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Мажлисда шу каби муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Ўтказилган мажлис давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди ҳамда ўз вазифасини бажаришга лоқайдлик билан қараётган раҳбарларга интизомий жазо чорасини қўллаш ва зарур бўлса лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.