Халқаро оила куни кенг нишонланди
Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 15 май - Халқаро оила куни муносабати билан байрам тантанаси ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади.
Таъкидланганидек, юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида оиланинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш, уни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилаларда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик, тотувлик муҳитини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, халқимиз азалдан оилани Ватан ичидаги Ватан, жамиятимизнинг асосий бўғини, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган муқаддас даргоҳ сифатида алоҳида қадрлаб ва эъзозлаб келган. Чунки, барча эзгу ишлар оиладан бошланиб, ундан маҳаллага ва жамиятга кириб боради.
Тантанали байрам тадбирида шаҳар ва туманлардаги намунали оила эгаларига «Ибратли оила» кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари муносиб тақдирланди.
Бундан сўнг санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Байрам тадбирлари «Дўстлик» канали бўйида театрлаштирилган чиқишлар билан давом этди.