Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси ҳақида ахборот
2025 йилнинг 11 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси ўтказилди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Ҳукумат аъзолари, Республика сектор ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг барча соҳаларида тарихий ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бераётганлигини таъкидлади.
Ушбу тарихий воқеалардан бири сифатида яқинда Марказий Осиё минтақасида илк бор ўз ичига 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий иттифоқни бирлаштирган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ўтказилди. Унда Президентимиз мазкур Ассамблея Ўзбекистон ташаббуси билан "Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати" мавзусида ўтказилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Мамлакатимизда жорий йилнинг "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили" деб эълон қилингани Оролбўйи минтақаси учун ғоят муҳимдир. Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро иқлим форумида ҳурматли Президентимиз кенг жамоатчиликнинг эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратгани ва бир қатор ташаббусларни илгари сургани, шунингдек, Нукус шаҳрида ўтказилган биринчи халқаро "Орол маданияти саммити"да Орол денгизининг экологик муаммоси, халқимиз тақдири ва юртимиз келажаги билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар белгилаб олингани юртимиз ҳаётидаги тарихий воқеалар қаторига киради.
Бундан ташқари, Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда бир қатор халқаро тадбирлар ўтказилаётгани халқимизнинг бой маданиятини, туризм салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига танитишда, хорижий инвесторларни минтақамизга жалб этиб, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришда, янги иш ўринларини яратишда муҳим ўрин тутмоқда.
Сессияда Жўқорғи Кенгес Раиси Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинаётган қарор ва фармонлар асосида шундай кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини таъкидлади.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала Қорақалпоғистон Республикасининг "Ер тўғрисида"ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгесининг аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси А.Жуманазаров сўзга чиқди.
Қонун лойиҳаси билан "Ер тўғрисида"ги Қонуннинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Қорақалпоғистон Республикасига инвестицияларни янада кенг жалб этиш ҳамда ҳудуднинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Кун тартибидаги дастлабки масала тўлиқ кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Парламент сўрови юбориш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратов сўзга чиқди.
Унда онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хорижий компанияларнинг дори воситаларини асоссиз буюртириш ҳолатларига чек қўйиш, соҳада бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасидаги салбий ҳолатларга олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитлар, уларнинг оқибатлари бўйича таҳлил қилинган ишлар ва бошқа масалалар кенг муҳокама қилинди.
Шундан сўнг кун тартибидаги масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан махсус қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори талабларининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши бўйича Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - Қишлоқ хўжалиги вазири Ш.Тешаев сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг кун тартибидаги кейинги масала бўйича фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиевнинг ахбороти тингланди.
Бу масала батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Кун тартибидаги кейинги масала Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси томонидан 2024 йил давомида амалга оширилган ишлари ҳақида Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Бош бошқарма бошлиғи А.Исаков сўзга чиқди.
Бугунги кунда, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 13 та тижорат банки ҳамда уларнинг шаҳар ва туманларда 89 дан ортиқ банк хизматларини кўрсатиш марказлари ҳамда мини банклари томонидан аҳолига замонавий банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Банкларнинг барқарор ресурс базасини мустаҳкамлаш чоралари натижасида 2025 йил 1 январь ҳолатига аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги депозитлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,7 фоизга кўпайди.
Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 2 млн. 550 минг донага ҳамда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган тўлов терминаллари сони 21 минг 696 донага етди.
Шунингдек, Президентимизнинг қарор ва фармонлари асосида кўп қаватли уй-жой, массивлар қурилиши, ипотека кредитлари, давлат дастурлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича банк кредитлари ажратилиши таъминланган. Муаммоли кредит қарздорликларни қисқартириш бўйича ҳам чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Навбатдаги масала бўйича депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг ҳудудларда ижроси юзасидан Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича бошқарма бошлиғи С.Турманов сўзга чиқди.
Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Сессия мажлисининг кун тартибидаги кейинги масала Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш масаласи ҳақида бўлиб, бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси ўз ишини якунлади.