Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси тўғрисида ахборот

Жорий йил 6 ноябрь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 октябрь санасида мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим бўлган сиёсий жараён, парламент сайловлари бўлиб ўтган эди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 65 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларига 375 нафар депутат сайланди. Дарҳақиқат, ушбу сайланган депутатлар мамлакатимизнинг келгуси 5 йиллик тақдирини белгилайди.
Сессия ишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, барча вазирлик, идора, корхона раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Регламентга мувофиқ дастлаб, сессия котибияти сайланди ва кун тартиби тасдиқланди.
Кун тартибидаги биринчи масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг жорий йилнинг 27 октябрь санасида бўлиб ўтган парламент сайловлари натижалари тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Унда таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига сайлов демократик тарзда, очиқлик ва ошкоралик тамойилларига амал қилинган ҳолда ўтказилди. 30 октябрь куни эълон қилинган Жўқорғи Кенгесга сайлов натижаларига кўра, депутатлар таркиби 63 фоизга янгиланди. Жўқорғи Кенгесга янги сайланган депутатларнинг 32,3 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб, бу Қорақалпоғистон тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди.
Кун тартибидаги кейинги масала, янги сайланган депутатлар орасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раисини сайлаш масаласи бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Регламентининг 14-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарларининг таклифи асосида шакллантирилган Оқсоқоллар Кенгаши томонидан янги сайланган депутатлар орасидан 57-сонли "Бердақ" сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига депутат Аманбай Тилеубаевич Орынбаев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига тавсия этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ Жўқорғи Кенгес Раиси номзоди бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги олинди.
Бундан сўнг, номзодни қўллаб-қувватлаб 44-сонли "Қонликўл" сайлов округидан депутат Орал Атаниязова, 25-сонли "Навбаҳор" сайлов округидан депутат Рўзбика Айтбаева, 45-сонли "Шуманай" сайлов округидан депутат Улуғбек Жалменов, 53-сонли "Қиронтов" сайлов округидан депутат Шерзод Ниёзимбетов, 65-сонли "Мўйноқ" сайлов округидан депутат Бийбихан Утамбетовалар сўзга чиқди.
Қонунчиликка мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига кўрсатилган номзодни сайлаш депутатлар томонидан яширин овоз бериш орқали амалга оширилди. Шундай қилиб Аманбай Тилеубаевич Орынбаев номзоди қўллаб-қувватланди ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси лавозимига тасдиқланди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, бугунги кунда барча соҳаларда бевосита Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаларига, айниқса, Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибор асосида яратиб берилаётган имкониятларга тўхталиб ўтди ва бу эзгу ташаббусларни самарали давом эттиришга, халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлашга бор куч, тажрибасини сафарбар этишини, бундай ишонч учун давлатимиз раҳбарига, депутатларга ва халқимизга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисини сайлаш бўлди.
Қонунчиликка мувофиқ ушбу лавозимга номзодни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси тавсия этади ва Президентнинг розилиги олинади.
Сессияда Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимига Фархад Уразбаевич Эрмановнинг номзоди тавсия этилди.
Номзод ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболли дастурини депутатлар эътиборига тақдим этди. Яъни, 2025-2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш бўйича махсус ишлаб чиқилган дастур ўқиб эшиттирилди.
Бундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги олинди. Сессияда номзоднинг номзодини қўллаб-қувватлаб сўзга чиққанлар Фарҳод Эрмановни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимига муносиб эканлигини таъкидлади. Шундай қилиб, депутатларнинг овоз бериш йўли билан Эрманов Фархад Уразбаевич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси лавозимига тасдиқланди.
Сессия кун тартибидаги навбатдаги масала Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосарини сайлаш тўғрисида бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддасига ва "Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Регламенти тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ 47-сонли "Саноат" сайлов округидан депутат Рустам Турсинбаевич Сапарбаев яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари этиб сайланди.
Бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Сессиянинг кун тартибидаги кейинги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмиталари ва комиссиясини тузиш, уларнинг таркиби ва раисларини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Унда 29-сонли "Дўстлик" сайлов округидан депутат Бердибек Сейтназаров Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси;

46-сонли "Кетенлар" сайлов округидан депутат Алишер Атажанов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси;
37-Хўжайли сайлов округидан депутат Исламбек Сдиқов Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси;
2-сонли "А.Досназаров" сайлов округидан депутат Мурат Атамуратов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси;
64-сонли "Қоракўл" сайлов округидан депутат Ануарбек Жуманазаров Жўқорғи Кенгеснинг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси;
48-сонли "Жиңишке" сайлов округидан депутат Шарапат Ўтемисов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси раиси;
1-сонли "Ботаника" сайлов округидан депутат Кеңес Каримов Жўқорғи Кенгеснинг Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари комиссиясининг раиси этиб сайланди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси ўз ишини якунлади.