Мамлакатимизнинг Швеция ва Польша давлатларидаги элчилари билан учрашув ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев мамлакатимизнинг Швециядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Нуримбетов ҳамда мамлакатимизнинг Польшадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаeвлар билан учрашди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, экологик вазиятни яхшилаш, аҳолининг яшаш шароитларини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталди.
Таъкидланганидек, ҳудудга хорижий инвесторларни жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни мувафаққиятли амалга ошириш ҳамда юртимиз миллий манфаатларини мустаҳкамлашда хорижий давлатлардаги элчиларнинг ўрни ниҳоятда беқиёсдир. Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари Қорақалпоғистонга ташриф буюришмоқда. Ўз навбатида жойларда ташкил этилаётган мулоқотлар ҳар томонлома манфаатли бўлиб, ҳудудни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўказилган учрашувда мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, келгусида Оролбўйи минтақасини янада ривожлантириш, чет давлатлар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, инвесторларни жалб қилиш борасида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.