Жўқорғи Кенгес Раиси Қўнғирот туманидаги фаол ёшлар билан яқиндан мулоқот қилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаевнинг «Ёшлар ойлиги» доирасида Қўнғирот туманидаги фаол ёшлар билан учрашуви ўтказилди.
Учрашув доирасида дастлаб, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Ярмаркада 44 та муассаса-ташкилот 154 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Унда бир қатор ёшлар иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, яна бир гуруҳ хотин-қизларга қайта касбга йўналтириш бўйича йўлланмалар берилди. Бундан сўнг IT соҳаси мутахассислари томонидан соҳани ривожлантириш, IT хизматларини тақдим этишни йўлга қўйиш, озгина қунт қилиш орқали катта даромад олишни йўлга қўйиш шунингдек, Ташқи беғараз ёрдам маблағларини (грантларни) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш бўлими томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва турли лойиҳалар устида ишлашида грант маблағларини кенг жалб қилиш бўйича тақдимотлар, маълумотлар тақдим этилди. Бундан ташқари, Президентимиз топшириғи билан ёшлар банки сифатида белгиланган Алоқа банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раҳбари, Миллий банкнинг масъул мутахассиси томонидан ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида кенг турда маълумот берилди.
Учрашувда дастлаб республикамиз раҳбари сўнгги йилларда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, ҳурматли Президентимизнинг ёшларга бўлган юқори ишончи, алоҳида эътибори ва оталарча ғамхўрлиги натижасида улар учун барча имкониятлар яратилаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.
Айтиб ўтилганидек, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди, замонавий таълим муассасалари очилди, тадбиркорлик йўналиши бўйича кўплаб имтиёзлар берилди. Таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги ёшларимиз моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 213-сонли тарихий фармони билан олий ўқув юртларида қорақалпоғистонлик ёшлар учун алоҳида қўшимча квоталар ажратилаётгани ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Албатта, ёшларимиз учун берилаётган бундай имкониятларни янада давом эттириш мумкин.
Ўз навбатида, қўнғиротлик ёшлар бундай эътибор учун ҳурматли Президентимизга алоҳида миннатдорчилигини билдирди.
Ўтказилган учрашув давомида ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиниб, уларнинг хоҳиш-истаклари, шунингдек, таклифлари тингланди. Хусусан, ёшлар томонидан туман ҳудудида замонавий кутубхона барпо этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, параспорт билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратиш, Баркамол авлод болалар мактабида лаборатория ва IT курслар ташкил этиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Ўз навбатида ҳар бир ташаббус ва таклиф Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан белгилаб олинди ва тез орада ҳаётга татбиқ этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ берилди.
Бундан сўнг бир гуруҳ ёшлар фаоллиги ва тенгдошлари орасида алоҳида ютуқларга эришиб, кўпчиликка намуна бўлаётгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан тақдирланди.
Ўтказилган учрашув чин маънода Жўқорғи Кенгес Раиси ва ёшларнинг тўғридан-тўғри мулоқот майдонига айланди ва бундай учрашувлар республикамизнинг барча шаҳар-туманларида давом эттирилади.
Учрашувдан кейин Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги халқ қабулхонаси, Жўқорғи Кенгеснинг мутасаддилари ва соҳа раҳбарлари иштирокида ёшларнинг муаммоларини тинглаш мақсадида қабул ўтказилиб, ечимини топиш чоралари кўрилди.